Имомали Раҳмон Марказий Осиёдаги сув танқислиги ҳақида гапирди 

Олам 7370
image

Шу кунгача Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи тўлиқ эриб кетди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кеча, 2 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича конференцияси доирасида ўтказилган икки кунлик саммитда гапирди. У саммитда онлайн тарзда иштирок этди.  

“Музликларимиз тез эриб кетмоқда. Шу кунгача Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи тўлиқ эриб кетди”, деган Тожикистон раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча ўн йилликда Тожикистонда Марказий Осиё минтақаси сув ресурсларининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этувчи музликларнинг умумий ҳажми қарийб учдан бир қисмга камайган. 

“Ушбу жараён давом этишининг оғир оқибатларини инобатга олиб, биз аввалроқ 2025 йилни Халқаро музликларни ҳимоя қилиш йили деб эълон қилишни ва Бутунжаҳон музликларни ҳимоя қилиш кунининг аниқ санасини белгилашни таклиф қилган эдик”, деган давлат раҳбари. 

Унинг қайд этишича, Тожикистон бу ташаббусларни турли даражаларда фаол илгари сурмоқда ва улар Сув ва иқлим коалицияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига умид қилмоқда. 

Президент ҳозирда минтақада электр ва сув ресурсларига талаб сезиларли даражада ошиб бораётганини айтган. 

“Бунинг сабаби, сўнгги ўн йилликда биз минтақамиздаги иқлим циклининг сезиларли ўзгаришини тобора кўпроқ кузатмоқдамиз. Қишимиз совуқроқ ва узоқроқ, ёзимиз эса иссиқ ва қуруқроқ бўлди. Бундан ташқари, гидрологик цикл ўзгариб бормоқда, бу эса минтақадаги дарёлар оқимининг ҳажми ва вақти бўйича ўзгаришига олиб келади. Шу билан бирга, минтақадаги мавжуд қувватлар ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш, ҳам сув ресурсларини тартибга солиш нуқтаи назаридан аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира олмайди”, деган Тожикистон Республикаси Президенти. 

Мисол тариқасида у ўтган йилнинг ёзида Тожикистон қўшни давлатларга электр энергияси экспортини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини келтирган. 

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари суғориш мавсуми авжида сув танқислигига дуч келган. 

“Бу йил қишнинг эрта бошланиши, совуқ ва узоқ давом этиши бизга янги вазифаларни олиб келди. Қолаверса, бу йил кучли қурғоқчилик минтақанинг айрим мамлакатларида чорва молларининг ва ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келди”, деган Имомали Раҳмон. 

Маълумот ўрнида, жорий йил 31 октябрдан 12 ноябргача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Шотландияда Бутунжаҳон иқлим конференцияси бўлиб ўтмоқда. 1 ва 2 ноябрь кунлари жаҳон етакчилари саммити бўлиб ўтди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 251
Рейтинг: 2.9
t
×