47 минг аёл яқинлари томонидан ўлдирилди – БМТ
Олам
−
2162 2 дақиқа
2025 йил давомида дунё бўйлаб 47 минг нафар аёл ва қиз ўз турмуш ўртоғи, яқин муносабатда бўлган шахси ёки оила аъзоси томонидан қасддан ўлдирилган. Бу ҳар куни ўртача 129 нафар, ҳар соатда эса 5 нафар аёл ва қиз ҳаётдан кўз юмганини англатади. Бу ҳақда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда БМТ-Аёллар ташкилотининг жорий йилнинг 24 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда дунёда аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган қотилликларнинг умумий сони 78 мингтани ташкил этган. Уларнинг 60 фоизи, яъни 47 мингтаси яқин шерик ёки оила аъзолари томонидан содир этилган. Бу эса аёллар учун энг хавфли жой ҳануз уй эканини кўрсатади.
Бундай қотилликлар бўйича энг юқори кўрсаткич Африка қитъасида қайд этилган. Унда ҳар 100 минг нафар аёл аҳолига 2,9 та ҳолат тўғри келади. Америка қитъасида бу кўрсаткич 1,4 та, Океанияда 1,1 та, Осиёда 0,6 та ва Европада 0,5 тани ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, аёлларга нисбатан қотиллик ҳолатлари кўпинча бир марталик ҳодиса бўлмай, узоқ вақт давом этган зўравонлик, таҳдид ва тазйиқларнинг якуни ҳисобланади. Бироқ жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг аксарияти яқинлари, жамоатчилик ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ёрдам сўрамайди. Бу эса уларни ҳимоясиз қолдириб, жиноятчиларнинг жазодан қутулиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ҳисоботда глобал миқёсда қотиллик кўрсаткичлари пасайиб бораётгани, аммо аёлларга нисбатан қотиллик ҳолатлари бунга нисбатан секинроқ камаяётгани таъкидланган. 2010–2025 йилларда Америка қитъасида умумий қотиллик кўрсаткичлари аёлларга нисбатан қотиллик кўрсаткичларидан қарийб икки баравар тезроқ, Европада эса 1,5 баравар тезроқ пасайган.
Қайд этилишича, 2025 йилда яқин шерик ёки оила аъзолари томонидан ўлдирилган аёллар ва қизлар сони 2024 йилдаги 50 минг нафарлик кўрсаткичдан кам бўлган. Бироқ бу ўзгариш мамлакатларда маълумотларни тўплаш имкониятлари яхшилангани билан боғлиқ бўлиб, зўравонлик ҳолатлари амалда камайганини англатмайди.
БМТ ташкилотлари ҳукуматлар ва жамоатчиликни аёллар ҳамда қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, жабрланувчиларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кучайтиришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда қизларнинг эрта турмушга берилиши уларнинг таълим олиши, соғлиғи ва келажакдаги имкониятларига таҳдид солаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси