Президент Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очишни таклиф қилди 

Жамият

−

image

Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офиси очилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида таклиф билдирди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги шароитда Ақаба жараёнининг аҳамиятини юксак баҳолаган. 

Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсоният учун улкан имкониятлар яратиш билан бирга янги таҳдидларни ҳам юзага келтираётгани қайд этилган. Шу боис, сифатли таълим ва инсон салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиш хавфсизликнинг муҳим пойдевори экани таъкидланган.

Давлат раҳбари маърифат ва илмга интилишдек гуманистик анъаналарни замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш мақсадида “Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт” ташаббусини илгари сурган. Унинг асосий вазифаси сунъий интеллект салоҳиятини билимларни кенг тарқатиш, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ва шахс камолоти учун янги имкониятлар яратишга йўналтиришдан иборат.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича глобал мулоқоти қўллаб-қувватланган.

Глобал саъй-ҳаракатларга амалий ҳисса қўшиш учун Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очишга тайёрлик билдирилган. Ушбу офис Марказий Осиё мамлакатларига террорчилик мазмунидаги материаллар ҳақида огоҳлантириш каналларини ишга тушириш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда ушбу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида “Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат” халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилган. Унинг асосий вазифалари кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни ахборот муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш, ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.

Давлат раҳбари сўзининг якунида сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик тараққиётга, балки ундан қандай мақсадларда фойдаланишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлаган. Шу боис, янги технологияларни таҳдидлар манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг қудратли воситасига айлантириш умумий интилиш бўлиши лозимлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг