БМТ огоҳлантирди: дунёнинг 16 та минтақасида очарчилик хавфи бор
Бу қизиқ
−
1546 2 дақиқа
2026 йил декабридан 2027 йил майигача бўлган даврда дунёнинг 16 та минтақасида озиқ-овқат билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ОҚХТ) ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) томонидан бугун, 27 ноябрь куни эълон қилинган қўшма маърузада сўз боради.
Маърузада қайд этилишича, аниқланган 16 та инқироз ўчоғининг 12 тасида қуролли можаролар ва зўравонликлар ўткир озиқ-овқат танқислигининг асосий омиллари бўлиб қолмоқда. Жанговар ҳаракатлар одамларни уйларини тарк этишга мажбур қилмоқда, бозорлар фаолиятини издан чиқармоқда, қишлоқ хўжалигига путур етказмоқда ва гуманитар ёрдам етказиб беришни қийинлаштирмоқда. Вазиятни озиқ-овқат маҳсулотлари, энергия ресурслари ва ўғитлар нархининг юқорилиги янада оғирлаштирмоқда.
БМТ энг оғир вазият оммавий очарчилик таҳдиди сақланиб турган Судан ва Жанубий Суданда кузатилаётганини алоҳида таъкидлайди. Ушбу мамлакатлардан ташқари, энг ўткир озиқ-овқат танқислиги Сомали, Нигерия шимоли ва Яманда сезилади.
Озиқ-овқат инқирозининг кучайишига Тинч океанининг экваториал қисмида сув юзасининг исиши билан тавсифланадиган Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси ҳам қўшимча омил бўлди. Бу глобал ҳароратнинг вақтинчалик кўтарилишига, у билан бирга эса экстремал об-ҳаво ҳодисалари, озиқ-овқат ва иқтисодий инқирозларга, баъзи баҳоларга кўра эса ҳатто янги қуролли можароларга олиб келади.
Маърузада айтилишича, Эль-Ниньо туфайли Африканинг жанубий қисми ва Марказий Америкада қурғоқчилик кутилмоқда, бу эса ҳосилнинг камайишига олиб келиши мумкин, Шарқий Африкада эса узоқ давом этган ёғингарчилик танқислигидан сўнг вайронкор сув тошқинлари хавфи ортмоқда. Бундай экстремал об-ҳаво шароитлари қишлоқ ҳудудлари аҳолисини даромад манбаларидан маҳрум қилиши ва озиқ-овқат нархларининг янада ошишига сабаб бўлиши мумкин.
БМТ озиқ-овқат инқирози хавфи жуда юқори бўлган минтақалар қаторига Афғонистон, Гаити, Конго Демократик Республикаси ва Фаластинни киритган. Шу билан бирга, Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилганидан сўнг Фаластин учун хавф даражаси пасайтирилди.
Маърузада таъкидланишича, ушбу вазият фонида гуманитар дастурларни молиялаштириш қисқармоқда. 2022 йилдан 2025 йилгача дунёнинг энг заиф бешта давлатида озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш соҳасидаги ёрдам ҳажми тахминан 62 фоизга – 5,1 миллиард доллардан 2 миллиард долларгача камайган. Маблағларнинг қисқартирилиши нафақат ёрдам ҳажмини, балки очарчилик кўлами тўғрисида маълумот тўплаш имкониятларини ҳам чеклаши алоҳида қайд этилган.
Live
БарчасиГавайидаги Килауэа вулқони отилди
27 Ноябрь