Марказий Осиёда ОИВ юқтириш ва ОИТСдан ўлим кўрсаткичи ортяпти – БМТ
Саломатлик
−
1474 3 дақиқа
Марказий Осиёда орттирилган иммунитет танқислиги вирусини (ОИВ) юқтириш ва орттирилган иммунитет танқислиги синдромидан (ОИТС) ўлим кўрсаткичи ортиб бормоқда. Бу ҳақда БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури 1 декабрь куни нишонланадиган Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни арафасида тақдим этган янги маърузада келтирилган.
Маълумотларга кўра, 2010 йилга нисбатан дунёда ОИВ юқтиришнинг янги ҳолатлари сони 42 фоизга, ОИТС билан боғлиқ ўлим ҳолатлари эса 57 фоизга камайган. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда эса худди шу давр мобайнида ҳар икки кўрсаткич мос равишда 17 ва 11 фоизга ошган.
2025 йилда минтақада 120 минг кишида ОИВ аниқланган, яна 43 минг киши ОИТС билан боғлиқ касалликлардан вафот этган. Минтақада жами 2 миллионга яқин одам ОИВ билан яшамоқда. Дунёдаги янги юқтириш ҳолатларининг 10 фоизи Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳиссасига тўғри келади.
Минтақада ОИВ билан яшаётган барча инсонларнинг 83 фоизи ўз статуси ҳақида билади, бироқ уларнинг фақат 56 фоизи антиретровирус терапия олмоқда.
Ушбу кўрсаткич фақат Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида бундан пастроқ. Минтақада ОИВ билан яшаётганларнинг атиги 48 фоизида вирус юкламаси сусайтирилган даражага эришилган – бу дунёдаги энг паст кўрсаткичдир. Вирус юкламаси сусайтирилган инсон ОИВни жинсий йўл билан юқтира олмайди.
Минтақада тахминан 560 минг киши ўзининг ОИВ-мусбат статуси ҳақида билади, лекин терапия олмайди. Бу ОИВ ташхиси қўйилганларнинг тахминан ҳар учинчиси демакдир. Кеч ташхис қўйиш муаммоси ҳам долзарблигича қолмоқда.
Минтақадаги эпидемияга таъсир кўрсатаётган асосий омиллар қаторида ОИВ билан яшаётган инсонлар ва асосий гуруҳларга нисбатан стигма ҳамда камситиш, шунингдек, жазоловчи қонунчилик мавжуд. 15 та давлатда ОИВ-статусни ошкор қилмаслик ёки “ОИВ юқтириш хавфи остида қолдириш ёки уни юқтириш” учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Минтақанинг барча 16 мамлакатида жинсий хизматларнинг у ёки бу жиҳатлари тақиқланган. Камида еттита давлатда шахсий истеъмол учун оз миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сақлаш жиноят ҳисобланади.
Маърузага кўра, минтақа мамлакатларидаги вазият бир-биридан фарқ қилади. 2010 йилдан бери Озарбайжон, Грузия ва Тожикистон янги юқтириш ҳолатлари сонини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлган, Арманистон, Қирғизистон ва Черногорияда эса бу кўрсаткич сезиларли даражада ошган.
Россия ҳам дастурнинг ушбу минтақасига киради, бироқ ташкилот Россия бўйича алоҳида мамлакат баҳоларини эълон қилмайди. Шунга қарамай, Россияда эълон қилинган очиқ маълумотлар мамлакатда ОИВ эпидемияси кўлами анча кенг эканлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, 2025 йилда минтақада ОИВга қарши дастурларни халқаро молиялаштириш 264 миллион доллардан 196 миллион долларгача – бир йил ичида 26 фоизга қисқарган. Умуман дунё бўйича қисқариш 18 фоизни ташкил этган. Миллий харажатлар 365 миллион доллардан 389 миллион долларгача ошган, бироқ йўқотиш ўрнини қоплай олмаган.
Ҳатто давлат даволаш ва тестдан ўтказиш харажатларини тўлашга тайёр бўлган жойларда ҳам асосий гуруҳлар ўртасидаги профилактика ва жамоат ташкилотлари хизматлари ҳамон ташқи молиялаштириш ҳисобига сақланиб қолмоқда.
Минтақада антиретровирус препаратлар нархлари бир неча баробар фарқ қилади: бир киши учун йиллик даволаш курси Қозоғистонга 382 долларгача, Арманистонга эса 46 долларга тушади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ОИВ инфекциясининг 307 та янги ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси