Комилов Ўзбекистон геосиёсий жойлашувининг “минус” томонларини айтди
Жамият
−
03 Ноябрь 2021
8177Денгизларга чиқиш ҳамда транспорт коммуникациялари масалалари Ўзбекистон геосиёсий жойлашувининг муаммоли томонлари ҳисобланади. Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашганлиги эса унинг устунлигидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.
“Шуни тушуниш керакки, Ўзбекистон муайян позицияни эгаллаб турибди. Бир томондан, бу афзаллик – Марказий Осиёнинг марказида жойлашганлиги. Бошқа томондан, бундай ноёб позиция билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд – денгизларга чиқиш, транспорт коммуникациялари ва қўшни давлатлар билан икки томонлама характердаги баъзи ҳал этилмаган муаммолар”, дейди Комилов.
ТИВ раҳбари сўзида давом этар экан, минтақанинг Ўзбекистон учун аҳамияти ҳамда сўнгги йилларда ўрнатилган яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Бу йўналишда кўп ишлар қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилган йиллар давомида кўплаб масалалар ўз ечимини топди. Бугун минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит – ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва дўстлик муҳити яратилди. Буларнинг барчаси умумий минтақамизда тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида янада жадал суръатлар билан олға бориш имконини беради. Менинг фикримча, бу ҳар доим ўзгармас қолади. Чунки биз шу ерда яшаймиз, ёнма-ён яшашда, ҳамкорлик қилишда давом этамиз”, дейди вазир.
Вазир Марказий Осиёдаги хавфсизлик Ўзбекистон Ташқи сиёсатининг устувор масаласи эканини таъкидлади.
“Иккинчи масала – минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик. Ўзбекистон атрофида фаровонлик камарини яратмасдан туриб, иқтисодий, сиёсий, социал-демократик ислоҳотларимизни муваффақиятли амалга ошира олмаймиз. Бу борада минтақавий хавфсизлик сиёсатимизнинг барқарор ва узоқ муддатли муҳим йўналиши ҳисобланади”, дейди у.
Бундан ташқари, вазир Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида яқин келажакда тебранишлар кутилмаслигини қўшимча қилди.
“Табиийки, бошқа омил ҳам бор: бизнинг буюк давлатлар – Россия, АҚШ, Хитой, минтақанинг йирик ўйинчилари – Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва бошқалар билан муносабатларимиз. Осиё-Тинч океани минтақаси каби бошқа минтақалар ҳам мавжуд. Ташқи сиёсатимизнинг кўрсатилган йўналишлари ва устуворлиги, ҳеч бўлмаганда, яқин келажакда ўзгармаслигидир ва кескин тебранишлар ҳам кутилмайди”, дейди Комилов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь