Биз ютяпмиз, ғалаба рақибга бериляпти – Раҳматжон Рўзиохунов ЖЧдаги мағлубиятлар ҳақида

Спорт 2662
image

Сербияда давом этаётган бокс бўйича Жаҳон чемпионати ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Кеча, 2 октябрь куни чорак финал баҳслари ўз якунига етди. Ушбу босқичда иштирок этган 6 ўзбекистонлик боксчининг 4 нафари мусобақа билан хайрлашди.

Жумладан, 75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жафаров Таиланд вакили Випарон Жонгжохога қарши рингга чиқиб, жанг давомида катта устунликка эришган бўлса-да, якунда ҳакамлар қарорига кўра 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Терма жамоа катта мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов рақиб боксчисининг қўли баланд кўтарилган пайтда ҳиссиётларини яшира олмади ва беллашувдан сўнг ўз фикрларини билдирди. 

"Ҳакамлар назоратчиси таиландлик эди. Мен биринчи раундда 3:2 ҳисоби қайд этилганидаёқ, ҳаммасини тушуниб етган эдим. Ваҳоланки, “5:0” ютаётгандик. Иккинчи раунд 3:2 ҳисобида рақибга ғалаба берилди, бироқ уни ҳам ютгандик. Охирги раундда 4:1 ҳисобидаги ғалабани таиландликка беришди. Мен Марат акага (терма жамоа бош мураббийи) мана бу таиландик ҳаммасини ҳал қилиб, ғалабани рақибга бериб юборади дедим. Марат Галиевич эса “Биз ютяпмиз, қандай қилиб бериб юборишади?”, деб айтди. Ҳа, биз ютаётган эдик, лекин очколар бизга қарши бериляпти, бизни алдаб-алдаб учинчи раунддаёқ кўп нарсани ҳал қилишяпти. Яна қандай ишлаш керак? Қандай қилиб ютиш керак? Нима қилиш керак?”, дейди Рўзиохунов.

Мутахассиснинг фикрича, Ҳасанбой Дўсматов, Миразиз Мирзаҳалилов, Шаҳрам Ғиёсов ва Шаҳобиддин Зоиров, Одилжон Аслонов ва Саиджамшид Жафаров иштирокида жангларга тўхталиб ўтди:

“Ҳасанбой, Миразиз, Шаҳрам ва Шаҳобиддиннинг жангида ҳам шундай қилишди. Умумий 4 та жангимизда ҳакамлар ноҳақлик қилишди. Агар вазият шундай кетадиган бўлса, ярим финал, финал баҳслари энг осон жанглар бўлади. Кучсизлар чемпион бўлади Ҳатто бизнинг “протест”имизни кўриб чиқишмаяпти. Одилжоннинг жангига эътироз билдирган эдик, бироқ 2:3 ҳисоби берилган, кўриб чиқилмайди дейишди. Ундай бўлса, бу чемпионатни умуман ўтказмаслик керак эди. Нега жамоамизга бундай муносабат билдирилаётганини тушунмаяпман. Биринчи кунданоқ етакчиларимизни чиқариб юборишди. Саиджамшид мағлуб бўлгани йўқ. Кўпчилик протест ҳақида сўраяпти. Агар, кўриб чиқилмаса, унинг нима кераги бор”.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада тўлиқ таркибда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоасидан ярим финалда фақатгина икки нафар боксчи қолди. Жанглар эртага, 4 ноябрь куни ўтказилади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 2.9
t
×