Зироат Мирзиёева, Эмина Эрдўған, Светлана Ортиқова ҳафта марказидаги хонимлар

Таҳлил

Якунига етаётган ҳафта Ўзбекистонда ва дунёда содир бўлган кўплаб муҳим воқеалар билан ёдда қолмоқда. Туркия Президенти Эрдўғаннинг ташрифи расмий тадбирлардан кўра кўпроқ унинг рафиқаси Эмина Эрдўған ва Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг маданий тадбирларда фаоллиги билан ажралиб турди. Жамоатчилик буни катта қизиқиш билан кузатди.

Шунингдек, аёл раҳбарлар ҳам медиадаги асосий фигура бўлди. Хусусан, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган қатор масалаларда баёнотлар берди. Ҳафтада содир бўлган энг муҳим воқеалар ҳақида QALAMPIR.UZ’нинг ҳафта дайжестида танишасиз.

Экологик ҳуқуқбузарликни фото ва видеога олиб жўнатганлар мукофотланади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат экологик назоратини амалга ошириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий механизмларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Унга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар – ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдорида мукофотланади.

“Оскар” тақдимотида Уилл Смит хотинига қўпол ҳазил қилган актёрга тарсаки туширди

Америка вақти билан жорий йилнинг 27 март куни Лос-Анжелес шаҳрида “Оскар” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Шов-шувларга бой тарзда ўтган маросимда Америкалик актёр Уилл Смит “Оскар” мукофотини топшириш маросимида актёр ва комик Крис Рокнинг юзига шапалоқ туширди.

Орадан бир кун ўтиб Оскар мукофотини қўлга киритган Уилл Смит қилган иши учун Америка академияси аъзолари узр сўради лекин Рок ҳақида лом лим демаган.

CNN нашрининг маълум қилишча Уилл Смит “Оскар” топшириш маросими вақтида комедия-чи Крис Рокнинг юзига тарсаки туширгани учун Кино санъати ва фанлари академиясидан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди.

Қирғизистон “Ҳизб ут-Таҳрир” етакчисини Ўзбекистонга топширди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Ҳизб ут-Таҳрир” диний- экстремистик ташкилотининг минтақавий етакчисини Ўзбекистонга топширди.

Айтилишича, қўлга олинган фуқаро “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудий раҳбари бўлган. У Қирғизистон Республикасининг жанубий вилоятлари ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятларида фаолияти тақиқланган ташкилот бўлимларини яратиш ва мустаҳкамлаш бўйича ўзининг ҳамфикрлари билан яширин фаолият олиб борган.

Апрель ойида Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилади?

Ўзбекистонда апрель ойида ҳаво ҳарорати 33 даражагача кўтарилиб, асосан қуруқ ўтиши кутилмоқда. Ўзгидрометга кўра, Ўзбекистонда апрел ойи одатда об-ҳавонинг беқарорлиги билан ажралиб туради. Республиканинг шимоли, чекка жануби ва чўл ҳудудларида ёғингарчилик ой учун ўртача 5 кундан 8 кунгача кузатилади, тоғли ҳудудларга яқинлашган сари ёғингарчилик бўладиган кунлар сони 9-13 кунгача кўпаяди.

 
2021 йил қанча “қози” жавобгарликка тортилган?

2021 йил иш фаолиятида камчиликка йўл қўйган 220 нафар судя интизомий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, 19 нафар судянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган.

Аҳамиятлиси, 2022 йилнинг биринчи чорагида 22 нафар судянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган, 46 нафар судя интизомий жавобгарликка тортилган.

Талаба қизга тажовуз қилгани айтилган “замдекан иши” судга оширилди

Хабарингиз бор Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга уринган факултет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича тергов ҳаракатлари якунланган ва иш судга юборилган.

Қўшимча тариқасида шуни айтиш мумкинки замдеканга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш, 118-моддаси 1-қисми номусга тегиш ва 104-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган.

Қизини айиқ қафасига ташлаган аёлга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин

Тошкентда 3 яшар қизини Ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборган аёлга қўзғатилган жиноят ишида унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Қайд этишича, “Судга оид психиатрия ва психология комплекс экспертизалари хулосаларига кўра, аёл умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келгани, руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмаслиги кўрсатилган.

Туркия Республикаси Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси – биринчи хоним Ўзбекистонга келди

29 март куни Туркия Республикаси Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси – биринчи хоним Эмина Эрдўған ўзбекистонга келди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев турмуш ўртоғи – биринчи хоним Зироат Мирзиёева билан кутиб олди.

Шундан сўнг, Президентлар ва уларнинг рафиқалари Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан барпо этилган Янги Ўзбекистон боғига бордилар ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Янги Ўзбекистон боғидаги монумент пойига гул қўйди.

Тошкентда Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Бу вақтда эса биринчи хонимлари Зироат Мирзиёева ва Эмина Эрдўған пойтахт Тошкентда жойлашган маданий масканлар билан танишдилар. Зироат Мирзиёева Туркия раҳбарининг рафиқасини музейлардан бирига таклиф қилган. Шунингдек, биринчи хонимлар сумалак сайлида ҳам иштирок этган.

Биринчи хонимларга Президентнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилган. 

30 март куни эса Ўзбекистон-Туркия Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған Биринчи хонимлар Хива шаҳрини зиёрат қилдилар.  Икки лидер ва ҳамроҳлигидаги делегациялар “Ичан қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуаси ҳудудига келганларида, туркий урф-одатларга кўра кутиб олиш маросими уюштирилган. Президентлар ва уларнинг рафиқалар “Ичан қалъа” тарихий мажмуасини пиёда айланиб чиққанлар.

Имтиҳонларда “ўйин қилган” абитуриентлар 7 йилгача “депорт” қилиниши мумкин

ОТМга кириш имтиҳонида тартибни бузган абитуриентлар 5 йилдан 7 йилгача кириш имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. ДТМ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда тақиқланган воситалардан фойдаланган абитуриентлар учун қонуний чоралар кўриш йўллари устида ишламоқда.

Қўқонда эркак қайнонаси ва хотинини ваҳшийларча ўлдирди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 2015 йилда турмуш қуриб, 2021 йилга қадар икки нафар фарзанди билан яшаб келган. Бироқ ўтган йилнинг 20 июль куни ўзаро оилавий келишмовчилик ва рашк сабабли Ш.Х. ота уйига кетиб қолган турмуш ўртоғини 17 маротаба, қайнонасини эса 9 маротаба пичоқлаб ўлдирган эркак 20 йил 1 ой муддатга қамалди.

Энди терговдаги қийноқ ва камситиш учун давлат компенсация тўлайди

Ўзбекистонда тергов жараёнида шахс қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарарни давлат тўлаб беради. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчада белгиланган.
Шу ўринда “Бу давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини тергов жараёнида фуқароларни қийноққа солишдан тия олмагани учун бошқа йўл топилмаганидан қўллаган чорасими?”, деган савол туғилади. Ушбу саволга Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова жавоб берди.

“Давлат бюджетидан компенсация тўланиши бу қийноқ билан қарши курашни тўхтатдик, шу билан “Жиловлай олмаяпмиз”, дегани ҳам эмас. Бу жабрланганларни янада руҳан, маънан ва моддий қўллаб-қувватлашдир. Лекин, қийноққа қарши шахсан мен ҳам курашаман. Тинмай ишлайман. Лекин, беш қўл баробар эмас. Афсуски, адашиб кириб қолганлар, адашиб, “Погон” таққанлар ҳам йўқ эмас. Келинг, сиз билан биз уларни тарбиялайлик”, дейди Ортиқова.

Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосари қидирувга берилди

Ижтимоий тармоқларда Зангиота тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ж.У. қидирувга берилгани хақида хабарлар таркалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура изоҳ бериб, Зангиота туман ҳокимияти мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Жиноят иши доирасида Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосарига ҳам тегишли моддалар билан иш очилгани маълум қилинган. 

Тиббиёт ходимларига ишда ҳижобда юришга тақиқ бекор қилинди

Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига асосан тиббиёт ходимларига “ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юриш” бўйича тақиқ олиб ташланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг "Одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғи қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 20 январдаги 34-буйруғига асосан тиббиёт ходимлари ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юришлари тақиқланган эди. Эндиликда ушбу буйруқ бекор қилинган.

Мен қаршиман, “погонли одам” ҳам инсон-ку – Ортиқова “ГАИ”ларни тасвирга олиш ҳақида

Ўзбекистонда Йўл-патрул хизмати ходимлари хизмат вазифасини яхши ёки ёмон бажаришидан қатъи назар уларни тасвирга олишни тақиқлаш тўғри бўлади. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ЙПХ инспекторларини уларнинг рухсатисиз тасвирга олишни тақиқловчи қарор лойиҳаси юзасидан билдирган муносабатида айтиб ўтган. 

“Ўзбекистон Республикаси фуқароси, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам прокурор, ҳам аёл сифатида менинг шахсий фикрим, “ГАИ” ходими кўчага чиқса, қонун доирасида ишлайдиганини айтайлик ҳозир, қонун талабини бажариши лозим бўлган ўша йўловчидан талаб қилса, менимча, видеога олиб ижтимоий тармоқларга ташлаш нотўғри. Давлат хизматида бўлган “погонли одам", ҳам инсон-ку. У ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси-ку. Мисол учун мендан сўрамасангиз, мен фото олишга рухсат бермайман. Демак, биринчи галда Ўзбекистон Республикаси фуқаросини ҳимоя қилишимиз керак”, дейди Светлана Ортиқова.

Отаси жасадни ёришга рухсат бермаган – Ортиқова Раҳмонов ишида Олий судгача бормоқчи

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаган марҳум ходими Самир Раҳмоновнинг ўлими бўйича суд қароридан норози.
Ортиқова соғлиқни сақлаш вазирлиги, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожланиш маркази томони берилган хулосага таяниб, Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов ўлими вақти ишхонада эмас, кўп тармоқли шифохонага олиб борилганда юз берганини таъкидлади.

Суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун ёриш керак бўлган вақтда, Раҳмоновнинг отаси, марҳум розилик бермаган ва тилхатлар ёзиб фарзандини кўриниш ҳолати бўйича суд тиббий экспертиза хулосасини беришларини сўраган. Маънавий зарарни аниқлашда уни ўтказувчининг айбини тасдиқлаш керак. Лекин бу ҳолатда, жиноят иши тергов олди суриштируви натижасида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмида, яъни Жиноят таркиби мавжуд эмас, деган хулосага келинган. Бу ўлим ҳолатида Бош прокуратуранинг айби йўқ”, дейди Ортиқова.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг