Тунни шифохонада ўтказган Елизавета II, “тахт”дан тушган Назарбоев иқрори, армияси билан мақтанган Байден – кун дайжести
Жамият
−
22 Октябрь 2021
7054Якунига етаётган 22 октябрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим воқеаларининг қисқача тафсилоти билан танишинг.
Жамият
9 ойда хориждан неча миллиард доллар юборилгани маълум бўлди
2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5,7 млрд долларни ташкил этди. Бу 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд. доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд. доллар) нисбатан эса 29 фоизга кўп.
Қандай оила кам таъминланган деб топилиши белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 21 октябрь куни қабул қилинган қарори билан Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ишловчи оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бундан мустасно) бола 2 ёшга етгунча уни парваришлаш учун бериладиган ҳар ойлик нафақани олиш муддати тугаганидан сўнг болалар нафақасини олиши мумкин.
“UzAuto Motors” таклифи ва Кушербоев эътирози: Cobalt билан боғлиқ вазиятнинг қонунийлиги ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “UzAuto Motors” АЖ томонидан истеъмолчиларга Chevrolet Cobalt русумли 4-позиция автомобилларини модулсиз етказиб бериш таклифи “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб бормоқда.
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри раҳбари ўзгарди
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг раҳбари Маҳмуд Мўминович Муродов ўз лавозимидан кетди.
Мазкур театрнинг янги раҳбари этиб Ўзбекистон халқ артисти, қўшиқчи Рамиз Бекназарович Усмонов тайинланган.
Марғилондаги масжид бузилиши бўйича иш Бош прокуратурага юборилди
Хабарингиз бор, Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузиб ташланганди. Вилоят ҳокимлиги ушбу ҳолатга изоҳ бериб, эски масжид ўрнига янгисини қурмоқчилигини айтганди.
Маданий мерос агентлигига кўра, ушбу масжиднинг бузиб ташлангани бўйича иш тергов учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган. Чунки агентлик ҳузуридаги Илмий кенгаш “Хўжа Порсо” жоме масжидини бузиб ташлашга рухсат бермаган.
Тошкентга янги метро поездлари олиб келинди. Энди носозликлар бўлмайдими?
Бугун, 22 октябрь куни Россиянинг “Трансмашхолдинг” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи “Метровагонмаш” акциядорлик жамиятининг “Тошкент метрополитени” ДУК учун юборган 20 та метро вагони етиб келди.
Маълум қилинишича, юборилган вагонлардан Тошкентда тўртта вагонли 5 та метро поезди шакллантирилди. Янги таркибларни йўловчилар оқимига кўра, Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишларида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Эндиликда ушбу модификациядаги ҳаракатланувчи таркиблар сони жами 60 вагонни, яъни 15 та тўрт вагонли поездларни ташкил этмоқда.
Сенат рад этилган қонун атрофидаги мунозарага муносабат билдирди
Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда турли фикрларни келтириб чиқармоқда. Сенат мазкур мунозара ва фикрларга муносабат билдирди.
“Парламентда шундай баҳс-мунозаралар бўлиши, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мазкур жараёнга ўз муносабатини билдириши, албатта, демократик нуқтаи назардан ижобий баҳоланадиган ҳолатдир. Чунки, бугун мамлакат қонун чиқарувчи органи бутунлай янгича муҳит ва ёндашув асосида фаолият олиб бормоқда. Сенаторлар ҳам муҳокамага қўйилган барча қонунларни шунчаки кўр-кўрона маъқуллаб юбораверишмайди”, дейилади баёнотда.
Тошкентда 19 ёшли бола 53 ёшли аёл ўлимига сабабчи бўлди
Тошкентда 19 ёшли йигит бошқарувида бўлган Nexia ва 63 ёшли фуқаро бошқарувидаги Spark тўқнашди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 53 ёшли аёл вафот этди.
Қайд этилишича, бугун, 22 октябрь куни соат тахминан 08:10 да Олмазор тумани Қамарнисо кўчасида Nexia-3 ни бошқариб борган 2002 йилда туғилган А.В. қоидани бузган ҳолда қарама-қарши йўналишига чиқиб кетган. Натижада 1958 йилда туғилган З.Х. бошқарувидаги Spark билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатида Spark йўловчиси бўлган 53 ёшли М.Х. вафот этган.
Олам
Бу сенсация бўлади – Назарбоев Президентликдан нега кетганини айтди
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев давлат раҳбари лавозимидан кетишига умуртқасида ўтказилган жарроҳлик амалиёти ҳам сабаб бўлганини тан олди.
“Сизга аввал айтмаган бир ҳақиқатни очаман, бу сенсация бўлади. Мен умуртқамда жиддий жарроҳлик амалиётини ўтказганман. Хаста Президент давлат бошқара олмайди. Аҳволинг шундай экан, мамлакатда нима айб? У азият чекмаслиги керак. Шу аҳволда сафарлар уюштириш, учрашувлар ўтказишни кунига 350 та, давом эттириш керак, лекин бундай соғлиқ билан қандай уддалайсан? Бу ҳам давлат раҳбари лавозимидан кетиш ҳақида қарор қлишимда аҳамиятга эга бўлган. Мен бу ҳақда ҳеч қачон айтмагандим, маъзур тутгайсизлар”, деган Назарбоев “Суратга чизгилар” ҳужжатли фильмидаги интервьюсида.
95 ёшли Елизавета II тунни шифохонада ўтказди. Бунга сабаб нима?
Буюк Британия қироличаси Елизавета II жорий йилнинг 20 октябрь куни шифохонада тунаб қолган. Бунинг ортидан турли миш-мишлар тарқалган. “Sun” нашрига кўра, қиролича уйга қайтиши учун кеч бўлиб қолгани туфайли шифохонада бир кеча қолган.
Букингем саройига кўра, Елизавета II 20 октябрь куни шифохонага келган ва 21 октябрь куни Виндзор қалъасига қайтган.
Байден Хитой билан эҳтимолий “уруш” ҳақида гапирди
Жо Байден Вашингтон Хитой билан “совуқ уруш”ни хоҳламаслигини, бироқ ўз позицияларидан ҳам чекинмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, Байден фуқароларини бошқа кучлар, жумладан, Россия ва Хитой ҳарбий кучда Америкадан ўзиб кетиши мумкинлигидан хавотир олмасликка чақирди.
Таниқли Голливуд актёри суратга олиш вақтида оператор ва режиссёрни отиб қўйди
Голливуд актёри Алек Болдуин Нью-Мексико штатидаги Санта- Фе шаҳри яқинида бўлиб ўтаётган вестерн жанридаги "Rust" ("Занг") фильмини суратга олиш жараёнида тасодифан оператор Галина Хатчинс ва режиссёр Жоэл Соусни отиб қўйди.
Таъкидланишича, фильмда жиноятчи ролини ўйнаётган Болдуин эпизодда бўш патронли тўппончадан ўққа тутиши керак бўлган. Қурол реквизит сифатида ишлатилган.
Истанбулда Туркий тилли давлатлар медиа форуми старт олди
Бугун, 22 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши оммавий ахборот воситалари ходимлари, медиа соҳаси мутахассислари, академик ва профессорлар, талабалар иштирокида "Олис ўтмиш, буюк келажак" номли медиа форум ўз ишини бошлади.
Унда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Венгрия ваҳШимолий Кипр Республикаларидан (таҳр: Ўзбекистонда расмий тан олинмаган) 500 га яқин медиа соҳаси вакиллари иштирок этмоқда.
Путин Россия ва Хитойнинг Афғонистон бўйича режасини маълум қилди
Россия Президенти Владимир Путин Афғонистонда нима бўлишидан қатъи назар Россия, Хитой ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар фуқаролари учун хавфсиз муҳит яраташ режалари ҳақида гапирди.
“Хитой билан икки томонлама режада бу ишни фаол давом эттирамиз, тегишли тузилмалар ўртасида мулоқот ўрнатилди”, деган Путин Валдай форумидаги нутқи давомида Афғонистондаги вазият ҳақида гапириб.
Пандемия даврида дунёда қанча тиббиёт ходими ўлгани маълум бўлди
ЖССТ бутун дунё бўйлаб вирус тарқалиши давом этаётгани сабаб чарчоқ ва ташвиш хавфи ҳақида огоҳлантириб, бутун дунё бўйлаб 80 000 дан 180 000 гача тиббиёт ходимлари COVID-19 туфайли вафот этганини урғулаган.
“Бу ўлимлар фожиали йўқотишдир”, дея таъкидлаган ЖССТ 2020 йил январидан 2021 йил майигача бўлган маълумотларни эълон қилиш чоғида.
Спорт
Франция чемпионати баҳси Хитойда ўтказилиши мумкин
Франция футбол федерацияси раҳбарияти мамлакат биринчи чемпионати доирасидаги “Монако” – “Лион” ўйинини Хитойда ўтказмоқчи.
Маълумотларга кўра, режа амалга ошса, ўйин Шанхайда бўлиб ўтади. Тақвим бўйича, Лига-1 23-тури доирасидаги “Монако” – “Лион” баҳси 2022 йилнинг 6 февралида бўлиб ўтиши керак.
UFC’да кутилган жанг: “Эл кукуй” “Ноториус”ни октагонга чақирди
UFC'нинг енгил вазн тоифаси жангчиси Тони Фергюсон (26-6) икки вазн тоифаси собиқ чемпиони Конор Макгрегорга (22-6) қарши жанг қилмоқчи. Америкалик “Эл кукуй” ўз Instagram саҳифасида ирландиялик ММА устасига “аталган” провокацион постни эълон қилди.
“Тугалланмаган иш. Қаердасан, Макнаггетс (суяксиз қовурилган товуқ гўшти)?”, дея ёзиб қолдирган Фергюсон.
Ҳабиб Махачевнинг UFC-267 даги жангида секундантлик қилади
Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ислам Махачевнинг 30 октябрь кунги UFC-267 турниридаги Дэн Хукерга қарши баҳсига Ҳабиб Нурмуҳамедов секундантлик қиладиган бўлди.
“Ҳабиб Хукерга қарши жангимда менинг бурчагимда бўлади. Мураббий Хавьер Мендес ҳамда укаси Муслим ҳам жангда менга кўмак беришади. Уларнинг борлиги – менинг ютуғим”, дейди Махачев.
Месси ва Роналду империяси қуладими ёхуд “Олтин тўп” кимга насиб қилади?
Футбол жамоавий ўйин эканига қарамай, ҳар бир футболчи шахсий совринларга эришишга ҳаракат қилади.
2021 йилги футбол мавсуми тобора ўз якунига етиб бораётган бўлса-да, йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлиши ҳақида турли хил тахминлар мавжуд. Жорий йилда Европа чемпионати ва Америка Кубоги ўтказилди. Табиийки, ушбу мусобақалар ҳам “Олтин тўп” соҳиби ким бўлишига ойдинлик киритишда ёрдам беради. Шунинг учун 2021 йилда ушбу соврин кимга насиб этиши мумкинлиги ҳақидаги натижаларни умумлаштириб оламиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь