Сенат рад этилган қонун атрофидаги мунозарага муносабат билдирди
Жамият
−
22 Октябрь 2021
4129Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда турли фикрларни келтириб чиқармоқда. Сенат мазкур мунозара ва фикрларга муносабат билдирди.
“Парламентда шундай баҳс-мунозаралар бўлиши, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мазкур жараёнга ўз муносабатини билдириши, албатта, демократик нуқтаи назардан ижобий баҳоланадиган ҳолатдир. Чунки, бугун мамлакат қонун чиқарувчи органи бутунлай янгича муҳит ва ёндашув асосида фаолият олиб бормоқда. Сенаторлар ҳам муҳокамага қўйилган барча қонунларни шунчаки кўр-кўрона маъқуллаб юбораверишмайди.
Ҳар бир ҳужжат ялпи мажлисгача жуда кўп чиғириқлардан ўтади. Экспертлар кенгаши жалб қилиниб, дастлабки тарзда қўмиталарда кўриб чиқилади. Қонун ташаббускорлари ҳам бу жараёнда бевосита иштирок этади. Қолаверса, халқ вакиллари жойига чиққан ҳолда мавжуд ҳолатни ўрганади. Ана шулардан кейингина рад этишга тўла ишонч ҳосил қилинса, қонун қайтарилади”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, қонун қайтарилди дегани — бу у батамом бекор қилинди дегани эмас. Буни тўғри тушуниш керак. Гап бу ерда қонунни пухта ишлаш ҳақида кетяпти.
“Сенатда муҳокамага қўйилган ҳужжатга тўғридан-тўғри тузатиш киритиш ваколати йўқ. Қонун ё маъқулланади ёки рад этилади. Рад этилса, у кейинчалик парламент вакиллари, экспертлар, қонун ташаббускорлари билан биргаликда янада пишиқ-пухта ишланиб, кейинги ялпи мажлисларда қайтадан муҳокамага қўйилади. Умумий жараён шундай.
Лекин баъзи ижтимоий тармоқлар мана шу ҳолатларни атрофлича ҳисобга олмаган ҳолда, бир ёқлама қараш орқали сенаторларни ижтимоий тардбиркорлик нималигини тушунмасликда айблаши, “шекилли”, “шунақага ўхшайди” деган тахминий хулосалар билан улар фаолиятига баҳо бериши — бу профессионалларга хос бўлмаган ёндашувдир. Сабаби, парламент юқори палатаси аъзолари турли соҳаларни, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларни яхши биладиган етук, малакали мутахассислардир. Шу боис ташқаридан туриб, қонуннинг мазмун-моҳиятидан яхши хабардор бўлмаган ҳолда баҳо бериш, шахсиятга йўналтирилган фикрларни айтиш аҳлоқий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳам тўғри эмас”, дейилади Сенат муносабатида.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенати ижтимоий ҳимояга қарши экан, деган фикрга ҳам бормаслик кераклиги таъкидланган.
“Мутлақо ундай эмас. Аксинча, сенаторлар халқ вакиллари бўлгани туфайли аниқ ва манзилли ижтимоий ҳимоя тарафдори ҳисобланишади. Яъни ижтимоий сиёсат парламент олдида турган энг устувор вазифадир. Такрор бўлса ҳам айтиш керакки, қўйилган масала қонунни янада пишиқ-пухта ишлаш, маромига келтириш билан боғлиқ. Чунки, қонун, энг аввало халқ манфаати учун ишлаши керак. Бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ.
Тадбиркорларимизга бозор тамойилларига мувофиқ рақобат асосида фаолият юритишига шароит яратиш зарур, шундагина тараққиёт, ривожланиш бўлади”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, тез орада Тадбиркорлик кодекси қабул қилинади, барча тадбиркорлар битта, ягона Қонун асосида иш олиб боради. Ана шунда кўпгина масалалар яна ўз ечимини топади.
“Умуман айтганда, рад этилган қонун яна кўриб чиқилади. Маромига етгач, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинади. У қўллаб-қувватланса, маъқулланади. Шу боис журналист ва блогерлардан ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолаб, холис муносабат билдиришларини сўраб қоламиз. Агар улар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунни қайта ишлаш жараёнларида бевосита қатнашишни истасалар, марҳамат, Сенат бу борада ҳам уларга имконият яратиб беришга тайёр”, дея кунланган расмий муносабат.