Сенаторлар тадбиркорликка оид қонун лойиҳасини қайтарди

Жамият

image

Бугун, 21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

Сенаторлар томонидан Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, хусусан, унда назарда тутилаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари амалдаги бошқа қонунларда белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига номувофиқлиги қайд этилди.

Қайд этилишича, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланган. Бироқ ундаги қуйидаги тоифалар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунда кўрсатилмаган.

Жумладан, Қонунда ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилалар ота-оналари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ва одам савдосидан жабрланганлар ўз аксини топмаган.

Қонуннинг 12-моддасида тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг солиқ ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланиши, 17-моддасида олинган фойданинг камида учдан икки қисми ушбу қисмда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлиги ижтимоий корхонанинг солиқ ҳисоботларига асосан аниқланиши назарда тутилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан солиқ ва бошқа ҳисоботлар шакллари тасдиқланган бўлиб, улар орқали тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши ҳамда олинган фойданинг камида учдан икки қисми белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлигини аниқлашнинг имкони мавжуд эмас.

Бу эса келгусида амалиётда солиқ органлари томонидан ҳисоботларни қабул қилиш, ижтимоий корхоналар реестрига киритиш ёки реестрдан чиқаришда турли хил муаммолар ҳамда номувофиқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, Қонуннинг 15-моддасида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар иш ҳақи миқдорини қонунчиликка кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек иш берувчи сифатида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техника хавфсизлиги, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш ижтимоий корхоналар мажбуриятлари сифатида келтирилган.

Худди шу нормалар “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида, қолаверса, Меҳнат кодекси ва бошқа амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган.

Шу муносабат билан амалдаги қонунларда мавжуд нормаларни такроран белгилаш қанчалик тўғрилигини ўрганиб чиқиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилади.

Қонуннинг 17-моддасида солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши, давлат кўчмас мулк объектларини қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли асосда ижарага бериш, соддалаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, бепул реклама қилиш учун эфир вақти, нашр ёки реклама майдони ажратиш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни реализация қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа имтиёз ва преференциялар берилиши, 18-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий лойиҳаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилмайдиган асосда субсидиялашни амалга ошириши белгиланган.

Ушбу имтиёз ва преференцияларни белгиловчи нормалар товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни алоҳида қонун шаклида эмас, балки ишлаб чиқиладиган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида кўзда тутиш масаласини ўрганиб чиқиш айни муддаодир.

Қонун аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга қарши курашиш,  уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишни назарда тутганлигини инобатга олиб, уни чуқурроқ қайта таҳлил қилиш, соҳадаги илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш лозим деб топилди.

Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг