Месси ва Роналду империяси қуладими ёхуд “Олтин тўп” кимга насиб қилади?

Спорт 8605
image

Футбол жамоавий ўйин эканига қарамай, ҳар бир футболчи шахсий совринларга эришишга ҳаракат қилади.

2021 йилги футбол мавсуми тобора ўз якунига етиб бораётган бўлса-да, йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлиши ҳақида турли хил тахминлар мавжуд. Жорий йилда Европа чемпионати ва Америка Кубоги ўтказилди. Табиийки, ушбу мусобақалар ҳам “Олтин тўп” соҳиби ким бўлишига ойдинлик киритишда ёрдам беради. Шунинг учун 2021 йилда ушбу соврин кимга насиб этиши мумкинлиги ҳақидаги натижаларни умумлаштириб оламиз.

Ёдингизда бўлса, ўтган йили коронавирус тарқалиши сабабли ушбу мукофот топширилмаган эди. Ўшанда “Бавария” футболчиси Роберт Левандовски соврин учун фаворит эди. Жорий мавсумда букмейкерлар Лионель Мессининг имконияти юқори эканини қайд этаётган бўлса-да, ғолибликка яққол даъвогар йўқ.

10. Ромелу Лукаку (“Челси”, Бельгия)

Бельгиялик ҳужумчи “Интер” сафида Италия чемпионлигини қўлга киритганидан сўнг, “Челси”га ўтди ва Лондон клубининг асосий футболчиларидан бирига айланди. У “аристократлар” таркибида 9 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урди ва бош мураббий Томас Тухелнинг ишончини қозонди. Бироқ, жорий йилнинг 20 октябрь куни UEFA Чемпионлар лигаси 3-тури доирасида “Мальмё”га қарши баҳсда Лукаку жароҳат олди.

Бундан ташқари, Ромелу Бельгия терма жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланди ва “Олтин тўп”га даъвогарлар қаторидан жой олди.

9. Кевин Де Брюйне (“Ман Сити”, Бельгия)

Де Брюйне ҳар доимгидек кучли ўнликдан ўрин эгаллади. Ҳа, у Чемпионлар лигаси ёки Европа чемпионати ғолиблигини қўлга кирита олмади, лекин шунга қарамай, Кевин индивидуал маҳоратнинг юқори даражасини кўрсатишда давом этмоқда. Ўтган мавсумда “Манчестер Сити” сафида 40 ўйинда майдонга тушиб, 10 гол ва 16 голли узатмани амалга оширган. Қўшимчасига унинг ҳисобида Англия чемпионатининг олтин медали ҳам бор.

8. Криштиану Роналду (“Манчестер Юнайтед”, Португалия)

36 ёшли португалиялик футболчи 18 йилдирки, “Олтин тўп” учун курашиб келади ва гол уришда давом этмоқда. Масалан, Европа чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлар жадвалида Мишель Платинини ортда қолдирди. Аммо “Ювентус” билан фақатгина Италия кубогини қўлга киритди ва А серияда камтарона 4-ўрин билан кифояланди. Португалия терма жамоаси билан Европа чемпионатининг нимчорак финал босқичида ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлди. Гол уриш бобида эса ҳаммаси жойида. А серия ва Евро-2020 турнирларида ҳеч бир футболчи рақиб дарвозасини ундан кўпроқ ишғол этмади. 

Жорий йилнинг 31 август куни Криштиану Роналду Туриннинг “Ювентус” клубидан “Манчестер Юнайтед”га қайтди. Форвард “қизил иблислар” сафида 8 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди. Шунингдек, АПЛда сентябр ойининг энг яхши футболчиси, деб топилди.

7. Лоренцо Инсинье (“Наполи”, Италия)

Италиялик футболчи мукофот учун асосий даъвогарлар қаторига янги мавсум старт олгач, киритилганди. Лоренцо клубнинг янги бош мураббийи Лучано Спальеттининг ўйин услубига жуда мос тушди ва А серия жорий мавсумида жамоаси бирорта очко йўқотмади. Шунингдек, Италия билан биргаликда Европа чемпионати ғолиблигини қўлга киритди.

6. Килиан Мбаппе (ПСЖ, Франция)

Европа чемпионати бошланишидан аввал, Мбаппе “Олтин тўп”ни ютиш имкониятига эга эди. Франция терма жамоасининг асосий юлдузи ўз жамоасини финалга қадар “етаклаб бориши” кутилганди, лекин... Килиан Швейцарияга қарши кечган нимчорак финал ўйинида ҳал қилувчи пенальтидан гол ура олмаган ва Франциянинг мағлубиятига сабабчи бўлган. Мавқейи анча паст бўлса-да ватандошлари билан Миллатлар лигасида зафар қучди.  ПСЖ билан эса UEFA Чемпионлар лигасининг ярим финал босқичида “Манчестер Сити” қаршилигини синдира олмади.

Лучший бомбардир финальной стадии Лиги наций: Килиан Мбаппе | Лига наций  УЕФА | UEFA.com

Мбаппе жорий йилнинг ёзида “Реал”га ўтишга яқин келганди, бироқ томонлар трансфер нархи масаласида бир тўхтамга кела олмади. У 2021-2022 йилги мавсумда Франция чемпионатининг 10 ўйинида майдонга тушиб, 5 гол ва 4 голли узатмани амлга оширган.

5. Нголо Канте (“Челси”, Франция)

Франциялик ярим ҳимоячи 2020-2021 йилги мавсум якунига кўра, “Олтин тўп”га энг муносиб футболчилардан бири эди. У ЕЧЛ ярим финалида ҳам, Чемпионлар лигаси финалида ҳам учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Франция терма жамоасининг Евро-2020 даги муваффаққиятсиз иштироки эса, унинг имкониятларини кескин пасайтириб юборди.

4. Роберт Левандовски (“Бавария”, Польша)

Польшалик ҳужумчи ўтган мавсумда афсонавий Герд Мюллернинг имконсиздек туюлган рекордини янгилашга муваффақ бўлди ва Бундеслигада 40 та гол уришни уддалади.

Афсуски, Левандовски фақатгина Германия чемпионлиги билан чекланди. “Бавария” билан Чемпионлар лигасида чорак финалдаёқ ортга қайтишга мажбур бўлди. Польша терма жамоаси таркибида Европа чемпионатининг гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган тўпурар 2020 йилги мавсумда “Олтин тўп”га энг муносиб номзод эди ва коронавирус сабабли бундан қуруқ қолиб кетганди.

3. Карим Бензема (“Реал”, Франция)

Франциялик ҳужумчи мавсум аввалида кучли ўнликдан ўрин олмаганди. Жорий мавсумда у нафақат Мадрид клубининг етакчиси, балки бутун Испания чемпионатининг асосий юлдузига айланди. Ҳозирда Карим 9 та гол билан чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Шунингдек, унинг ҳисобида 7 та голли узатма ҳам бор.

Нападающий «Реала» Карим Бензема заслужил «Золотой мяч». Но выиграет  Лионель Месси благодаря «ПСЖ» - Eurosport

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг, яна Франция терма жамоасига чақирилган Бензема Европа чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этган бўлса-да, UEFA Миллатлар лигасида ғолиб бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, терма жамоа бош мураббийи Дешам унга асосий таркибни ишониб топширди, чунки ҳужумчи жамоанинг ўйин услубига жуда мос ва доимий равишда гол уриб келмоқда. 

2. Лионель Месси (ПСЖ, Аргентина)

34 ёшли футболчи бу йил “Олтин тўп” учун асосий даъвогарлардан бири. Аргентиналик иқтидор эгаси “Барселона”ни тарк этиб, эркин агент сифатида ПСЖга ўтди. Месси учун ПСЖга мослашиш қийин кечаётган бўлса-да, аста-секин голлар уриб, етакчиликни қўлга олишни бошлади.

Лео 2021 йилги Америка Кубогида энг яхши тўпурар, энг яхши ассистент ва энг яхши футболчи номинациясида ғолиб бўлди ва фаолияти давомида илк бор Копа Америка олтин медалларини қўлга киритди. Айнан шу омил эвазига Мессининг “Олтин тўп”ни ютиш имконияти кескин ошиб кетди. Бундан ташқари “ўзга сайёралик” ҳужумчи 30 та гол урган ҳолда Испания Ла лигасининг энг яхши тўпурари сифатида тан олинди.

1. Жоржиньо (“Челси”, Италия)

Ўтган мавсумда Жоржиньо “Олтин тўп” учун курашиши мумкинлигига ҳеч ким ишонмас эди. Бироқ, бу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлди. Ярим ҳимоячи мавсумни ажойиб суръатда ўтказди.

“Челси” таркибида Чемпионлар лигаси, Италия терма жамоаси билан эса Европа чемпионатида ғолиб бўлди. “Олтин тўп” ташкилотчилари йирик турнирларда ғолиб бўлган йигитларга соврин топширишни маъқул, деб билади. Демак, Жоржиньода йилнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун яхши имконият бор.

Италиялик футболчи бунга қадар UEFA талқинига кўра, йилнинг “Энг яхши футболчиси” совринини қўлга киритди, бу эса унинг имкониятларини сезиларли даражада оширади. Лекин, ташкилот ва “France football” бир хил тамойилга таянмаслиги табиий. Бу омил мукофот Жоржиньо учун тўлиқ кафолатланмаганини кўрсатади.

Масалан, 2019 йилги мавсумда UEFA талқинига кўра, Виржил Ван Дейк энг яхши футболчи, деб топилган эди. Ўшанда “Олтин тўп” ва FIFA’нинг “The best” соврини эса Лионель Мессига насиб қилган. Бироқ, 2018 йилда “Реал” ярим ҳимоячиси Лука Модрич Роналдуни ортда қолдирган ҳолда мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлганини унутмаслик керак.

Бу якуний хулоса эмас, “Олтин тўп” соврини “France football” нашри томонидан топширилиши инобатга олинса, “кимнингдир” (топдингиз, бу – Бензема) имконияти яна-да ортиб кетиши мумкин. 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 273
Рейтинг: 3.1
t
×