1 ноябрь. Ўзбекистон ва халқаро майдонда нималар бўлди?

Жамият

image
Ноябрь ойининг биринчи кунида Ўзбекистон ҳамда халқаро майдонда қандай муҳим вокеаликлар содир бўлди? Бугун тарих зарварақларига қандай муҳр қўя олди? Энг муҳим воқеаларининг қисқача тафсилоти билан қўйида танишишингиз мумкин.

Жамият

Ишсиз аҳолига вақтинча ер берган фермер хўжаликларига солиқ имтиёзи берилади – Қонун лойиҳаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қонун лойиҳаси фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерларига тегишли ғалладан бўшаган ер участкаларини ер солиғидан озод қилиш кўринишида рағбатлантириш ва бошқа вазифалардан иборат. 

Палов индекси: энг қиммат ва арзон ош қаерда сотилади?

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда энг қиммат палов Тошкент шаҳри, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида тайёрланди. 

Қайд этилишича, Тошкентда ош нархи 24 300 сўм, Бухорода 21 300 сўм ва Қашқадарёда 20 300 сўмни ташкил қилади. 

Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Венгрияга боради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Венгрияга ташриф буюриши кутилмоқда. 

“Жорий йил март ойида Тошкентда самарали фикр алмашганимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги баёнотни имзолаганимиздан мамнунман. Туркий Кенгаш доирасидаги ҳамкорлигимиз Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлайди. Ишонтириб айтаманки, менинг Ҳукуматим икки томонлама муносабатларимизни ривожлантириб боришда ҳар доимгидек қатъийдир.

Келгуси йилда Будапештда расмий ташриф доирасида Президент жаноблари билан шахсан учрашишдан умидворман ҳамда ушбу ташриф муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият бўлишига ишонаман”, деган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида.

Октябрда озиқ-овқат маҳсулотлари қанчага қимматлагани маълум бўлди

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция 10,6 фоизни ташкил қилди. 

Жорий йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 7,3 фоизни, йиллик нисбатда эса 10,6 фоизни ташкил этди. 

2021 йилнинг октябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,9 фоизга ошди. Ушбу даврда, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5 фоизга ошди.

Қашқадарёда ушланган жиҳодчилар орасида масжид имом-ноиби бўлганми?

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятида “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими тарафдорлари қўлга олингани, уларнинг орасида масжид имом-ноиби ҳам борлиги ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжид имом-ноиби экстремистик оқимга қўшилиб қолгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлари натижасида, ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом-ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлган.

Ҳукумат йиғилишида вазир ва ҳоким ўринбосарлари огоҳлантирилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ва уч нафар вилоят ҳокими ўринбосарлари интизоимй чора кўрилиши белгиланди. 

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Дониёр Мадримов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмоновга масъулиятсизликка йўл қўйганлиги сабаб интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тошкентда жиноятчи аёллар ортаётгани айтилди

Жорий йилнинг 9 ойи давомида 6159 нафар шахсга нисбатан 4800 та жиноий иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 481 нафари ёки 9,8 фоизи аёллар томонидан содир этилган.

“Ҳар доим аёллар жинояти билан боғлиқ статистика юритиб борилади ва аёллар томонидан содир қилиниши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактика ишлари олиб борилади. Бугунги кунда жами жиноятларнинг 9,8 фоизи  аёлларга тегишли. Аммо, бу ҳам жуда ачинарли ҳолат.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, аёллар жинояти билан боғлиқ вазиятлар ўтган даврга нисбатан кўпайган. Бунинг сабаби эса пандемия даврида яъни 4 ой вақт давомида ишларни кўриш тўхтатилган эди. Ишларни онлайн тарзда кўрганмиз. Тергов органи томонидан жиноий ишлар тергов қилинмаган ва судга чиқмаганлиги сабабли ҳам бу йилги кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ортгандек кўринади. Ўтган йилгига нисбатан жиноий ишлар билан боғлиқ вазиятлар 40 фоизга ошган. Судланганлар сони 39,5 фоизга кўпайган. Бунга ҳам сабаб пандемия”, дейди Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробов.

Олам

Байден рейтинги рекорд даражада тушиб кетганига муносабат билдирди 

Аввалроқ, Жо Байденнинг АҚШ етакчиси сифатида дастлабки тўққиз ойдаги машҳурлиги ундан олдинги Президентларникидан тезроқ пасайиб бораётгани ҳақида хабар бергандик. 

АҚШ Президенти Жо Байден бу борада ўз фикрини билдирди. Байденга кўра, у рейтингининг тушиб кетишига эътибор бермайди.  

“Сўровлар тушиши, кўтарилиши мумкин. Аввалига улар баландроқ эди, кейин ўртага тушди, кейин ўсди, энди эса яна пастга тушди. Бу бошқа барча Президентларда ҳам бўлган, лекин мен сўровномаларда қандай ишлаётганимни аниқлаш учун сайланмадим. Мен АҚШ Президенти сифатида ваъдаларимни бажара олишимга ишонч ҳосил қилганим учун сайландим”, деган Байден G20 саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида. 

АҚШ террорчиларга ёрдам беришни тўхтатиши керак – Эрдўған

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ Сурияда курд террорчилик ташкилотларига ҳозиргача бериб келган ёрдамини тўхтатишига ишонч билдирди. Бу ҳақда Туркия раҳбари Римдаги G20 саммити якунида айтди.  

“Ушбу саммитда америкалик ҳамкорларимиз билан мулоқотлар чоғида “Курдистон ишчилар партияси”, “Ўз-ўзини ҳимоя қилувчи халқ кучлари” террорчи ташкилотларини қўллаб-қувватлаётгани муносабати билан афсусда эканимизни билдирдик. Бу НАТОдаги муносабатларимизга путур етказишини, бирдамлигимизни бузишини айтдик. Ишончим комилки, келажакда АҚШдан бошқа бундай ёрдам бўлмайди”, деган Эрдўған.

Россия мигрантларнинг рўйхатдан ўтишини қийинлаштирмоқчи

Россияда миграция қонунчилигини кодлаштириш ва қўшни давлатлардан мамлакатга кириб келаётган барча меҳнат муҳожирларини мажбурий геномик рўйхатга олиш тартиби ўрнатилиши мумкин. 

Тергов қўмитаси раҳбари ҳозирда миграция “юзлаб меъёрий ҳужжатлар” билан тартибга солинганини ва бу “кўп қиррали ва анча мураккаб норматив база” эканини эслатган. Шу муносабат билан у миграция қонунчилигини кодлаштириш вақти келди, деб ҳисобламоқда.

Аҳмад Масъуд айни пайтда қаерда экани маълум бўлди 

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракатига қарши бўлган Миллий қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд айни дамда Тожикистон ҳудудида. Бу ҳақда шимолий Панжшер вилояти губернаторининг собиқ ўринбосари Кабир Восиқ ТАССга маълум қилди.  

“Аҳмад Масъуд ҳозир Тожикистонда, лекин баъзида Афғонистонга бориб туради, у ерда мамлакатнинг турли минтақадаги қаршилик бўлинмалари билан учрашади”, деган Восиқ. 

Унинг сўзларига кўра, Масъуд айни дамда “Толибон” жангариларига қарши туришда турли давлатлардан ёрдам олишга ҳаракат қилмоқда. 

Арманистон ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган – Алиев

Арманистон Иккинчи Қорабоғ уруши давомида ҳарбий ва инсониятга қарши жиноят содир этди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг илк мажлисидаги мурожаатида айтиб ўтди. 

Алиевнинг қайд этишича, Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида арман армияси тинч аҳолига тақиқланган қуроллардан фойдаланган ҳолда ҳужум қилган.

Мезбон билан келишмовчилик: Эрдўған Глазгодаги саммитга бормади

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Римда бўлиб ўтган G20 саммити якунида Истанбулга қайтди ва у Глазгодаги иқлим саммитида шахсан иштирок этмайди. 

Таъкидланишича, Туркия етакчисининг расмий самолёти унга ҳамроҳлик қилаётган бутун делегация билан кечаси Истанбулга қўнган. 

Қайд этилишича, Эрдўған Шотландияда бўлиши билан боғлиқ қатор протокол масалаларини мезбон давлат билан келишиб олиш имкони бўлмагани учун форумдаги иштирокини бекор қилган. Айни пайтда иқлим форуми маърузачилари рўйхатида Туркия раҳбари номи тилга олинмаган. 

Қирғизистон Президентининг самолёти Британияга киритилмади

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг самолёти техник талабларга жавоб бермагани учун Буюк Британияга киритилмади.

Қайд этилишича, Жапаров бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтаётган  БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича саммитига йўл олган эди. Техник сабабларга кўра, Президентнинг самолёти киритилмагач, Қирғизистон делегацияси шахсий самолётни ижарага олишга мажбур бўлган.

Спорт

Дзюдо: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Франция пойтахти Париж шаҳрида давом этаётган ҳарбийлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Улуғбек Азизов ва Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги ўзбекистонлик дзюдочилар яккалик баҳслари якунига кўра, 4 та олтин, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Диёра Келдиёрова (-52 кг), Дилшоджон Баратов (-60 кг), Давлат Бобонов (-90 кг) ва Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) жаҳон чемпионига айланган бўлса, Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг) бронза медалига сазовор бўлди. Бугун жамоавий баҳслар бўлиб ўтади.

Месси “Барселона”га қачон қайтишини маълум қилди

ПСЖ ҳужумчиси Лионель Месси қачонлардир Каталонияга қайтади. Бу ҳақда футболчининг ўзи “Sport.es” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Тўғриси, мен севимли жамоамда қолиш учун қўлимдан келганини қилдим, лекин ҳеч қачон текинга ўйнашимни сўрашмади. Мендан маошимни эллик фоизга қисқартиришни илтимос қилишди, буни ҳеч қандай муаммосиз қабул қилдим. Клубга кўпроқ ёрдам беришга тайёр эдим. Оилам Барселонада қолишни орзу қилади. ПСЖ билан шартномам қачон тугашини билмайман, аммо аниқ айтаманки, биз, албатта, Каталонияга қайтамиз ва у ерда яшаймиз. Оилам ҳам, мен ҳам шуни истаймиз”, дейди Месси.

Ўзбекистонлик чанғичи Пекин Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди

2022 йилги қишки Олимпия ўйинларига ўзбекистонлик спортчилар томонидан илк йўлланма қўлга киритилди.

Чанғи спорти вакили Комилжон Тўхтаев 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон чанғи федерацияси матбуот хизмати хабар берди. 

Спортчи саралаш кўрсаткичлари доирасида “слалом” ва “гигант слалом” йўналишлари бўйича белгиланган меъёрларни бажариб, 2022 йилги Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг