Тошкентда жиноятчи аёллар ортаётгани айтилди

Жамият

Жорий йилнинг 9 ойи давомида 6159 нафар шахсга нисбатан 4800 та жиноий иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 481 нафари ёки 9,8 фоизи аёллар томонидан содир этилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробов Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 30 июндаги фармони билан тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли худудга айлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Туробовнинг таъкидлашича, аёллар жинояти билан боғлиқ вазиятлар ўтган йилнинг мос даврига қараганда бироз кўпайган.

“Ҳар доим аёллар жинояти билан боғлиқ статистика юритиб борилади ва аёллар томонидан содир қилиниши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактика ишлари олиб борилади. Бугунги кунда жами жиноятларнинг 9,8 фоизи  аёлларга тегишли. Аммо, бу ҳам жуда ачинарли ҳолат

Рақамларга қарайдиган бўлсак, аёллар жинояти билан боғлиқ вазиятлар ўтган даврга нисбатан кўпайган. Бунинг сабаби эса пандемия даврида яъни 4 ой вақт давомида ишларни кўриш тўхтатилган эди. Ишларни онлайн тарзда кўрганмиз. Тергов органи томонидан жиноий ишлар тергов қилинмаган ва судга чиқмаганлиги сабабли ҳам бу йилги кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ортгандек кўринади. Ўтган йилгига нисбатан жиноий ишлар билан боғлиқ вазиятлар 40 фоизга ошган. Судланганлар сони 39,5 фоизга кўпайган. Бунга ҳам сабаб пандемия”, дейди Акбарали Туробов.

Брифингда сўзга чиққан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббосовнинг маълум қилишича, бугунги кунда қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилган фуқаролар фойдасига жами 5 млрд 32 млн сўм ундирилиши белгиланган.

“Кейинги пайтларда судлар томонидан асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида қатор оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 110 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 85 таси (77,3 фоизи) қаноатлантирилган. Фуқароларнинг фойдасига 5 млрд 32 млн сўм маънавий зарар  ундириш белгиланган”, дейди Шуҳрат Аббосов. 

Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси сўзида давом этаркан, реабилитация қилинган шахсларни аввалги ишига тиклаш бўйича 38 та иш кўрилганини, шундан 25 таси қаноатлантирилганини ва даъвогарлар ишга тикланганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг