Ўзбекистонлик чанғичи Пекин Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди

Спорт

image

2022 йилги қишки Олимпия ўйинларига ўзбекистонлик спортчилар томонидан илк йўлланма қўлга киритилди.

Чанғи спорти вакили Комилжон Тўхтаев 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон чанғи федерацияси матбуот хизмати хабар берди. 

Спортчи саралаш кўрсаткичлари доирасида “слалом” ва “гигант слалом” йўналишлари бўйича белгиланган меъёрларни бажариб, 2022 йилги Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Халқаро Олимпия қўмитаси қоидаларига кўра, Ўзбекистон ҳозирча тоғ чанғиси бўйича 2 квота (1 аёл, 1 эркак) қўлга киритиши мумкин. Саралаш даври 2019 йил 1 июлдан 2022 йилнинг 16 январь кунигача давом этади: 

“Ўзбекистон чанғи спортининг бошқа турлари – сноуборд, фристайл, ски-кросс, чанғи югуриш турлари бўйича яна бир қанча йўлланманларни қўлга киритиш имкониятига эга. Федерациянинг чанғи спортини ривожлантириш бўйича таклифлари аввалроқ тайёрланиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлигига тақдим этилган”. 

Маълум қилинишича, Комилжон Тўхтаев ва Валерия Ковалева ХОҚнинг “Олимпия бирдамлиги” стипендиясига муносиб кўрилган.

“Олимпия бирдамлиги бутун дунё спортчиларига тўрт йилликнинг нуфузли ўйинларида қатнашиш имкониятини беради. Эҳтиёжга муҳтож спортчиларга ойлик тайёргарлик гранти ҳамда Олимпия ўйинлари саралаш мусобақаларида қатнашиш учун саёҳат субсидиялари тўланади. Бундан ташқари, анъанага кўра ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олгани учун давлат томонидан спортчига 100 миллион сўм, мураббийга эса 50 миллион сўм мукофот пули ажратилади. Афсуски, бу амалиёт фақат ёзги Олимпия ўйинларига тегишли. Қишки Олимпия ўйинларига йўлланманларни қўлга киритганлик учун ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар тўланса, адолатдан бўларди”, дейилади федерация хабарида.

Маълумот учун, қишки Олимпия ўйинлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 2022 йилнинг 8-20 февраль кунлари бўлиб ўтади


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Тўхтаев Пекин Олимпиадаси Ўзбекистон чанғи федерацияси XXIV қишки Олимпия ўйинлари

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар