Талатўп ичида қолган дунё. 2021 йил жаҳон саҳнасида нималар бўлди?

Бу қизиқ

image

Вақт қум заррасига ўхшайди. Уни қанча қўлда тутишга ҳаракат қилсангиз, бармоқларнинг орасидан тушиб кетаверади. “Вақт оқар дарё” дейишади. Мана ҳаш-паш дегунча, 2021 йил ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Ўтиб бораётган йилда дунё саҳнасида кўплаб воқеалар юз берди. Хусусан, Польша-Беларусь чегарасидаги муҳожирлар муаммоси, Исроил ва Фаластин можароси, Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишмалар, Президенти Ашраф Ғанининг қочиши фонида Толибоннинг ҳокимият тепасига келиши ва шунга ўхшаш ҳодисалар. Бу воқеалар дунё афкор ахборот оммасининг эътиборини ўзига қаратди. Бугунги мақоламизда, 2021 йилда бўлган энг муҳим воқеа ва ҳодисаларни санаб ўтамиз.

Демократияга ҳужум

2021 йил 6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб кирди. Бу воқеа нафақат 2021 йил, балки дунё тарихида муҳим ҳодиса сифатида ўрин олди.

Конгрессда Сенат ва Вакиллар палатасининг қўшма мажлиси ўтаётган бўлиб, унда 2020 йилги президентлик сайловнинг натижалари расман тасдиқланаётган эди. Трамп тарафдорлари хавфсизлик хизматчиларини ёриб ўтиб, Конгресс биносини бир неча соат давомида эгаллаб туришди.

Оммавий ахборот воситалари ва сиёсатчиларнинг баёнотларига кўра, тартибсизликлар Трампнинг воқеа олдидан митингда айтган изоҳлари билан бошланган. Ҳужум оқибатида, сайланган Президент Жозеф Байденнинг сайловдаги ғалабасини расмийлаштириш учун йиғилган Конгресснинг қўшма мажлиси тўхтатилди. Маълумотларга кўра, тартибсизликларни бостириш жараёнида тўрт нафар инсон ҳалок бўлган. 60 дан ошиқ полиция ходими жароҳат олган. 68 нафар намойишчи қамоққа олинган.

Навальний ва Путин можароси

Навальнийнинг YouTube платформасида “Путин учун сарой” номли суриштирув фильми эълон қилинди. Фильмда Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида жойлашган, умумий 17 691 метр квадрат майдонни эгаллаган сарой Путин номи билан боғланган. 

Шундан сўнг, фильм муаллифи ва россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний 17 январь куни Германиядан Ватанига қайтди. Аммо Москвага келиши билан ҳибсга олинди

Аҳамиятли томони шуки, Навальний чиққан "Победа" рейси Москванинг Внуково аэпортига қўниши керак эди. Бу ерда уни тарафдорлари ва журналистлар кутиб турганди. Бироқ самолёт йўналиши ўзгартириб юборилди ва учоқ Шереметьевога қўнди.

Мухолифатчи “Ив Роше” жиноят иши доирасида ҳибсга олинган. Аммо қўлга олиш вақтида унга бунинг сабаби тушунтирилмаган ҳамда турмуш ўртоғи ва адвокатига бирга боришга рухсат берилмаган.

ФСИН матбуот хизматида Навалний  синов муддатини кўп марта бузгани учун 2020 йил 29 декабрдан бери қидирувда бўлгани айтилган.

Алексей Навальний 2020 йилнинг август ойида заҳарланганидан сўнг Германияга олиб кетилган ва “Шарите” клиникасида даволанган эди.

18 январь куни Алексей Навальнийни 30 суткага 15 февралгача қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди.

23 январь куни Россия Федерациясининг бир қанча ҳудудларида мухолифат Алексей Навальнийнинг тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Оқибатда, айрим ҳудудларда ҳуқуни муҳофаза қилувчи орган ва митинг иштирокчилари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Москвада мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлиани ҳибсга олган.

2 февраль куни Москва шаҳар суди Федерал жазони ижро этиш хизматининг илтимосига биноан, Алексей Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йиллик шартли жазони ҳақиқий жазо билан алмаштирди.Унга кўра, Навальний 3,5 йиллик муддатнинг 2,5 йилини колонияда ўтказади.

24 март куни Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная яна Россияни тарк этди ва Германияга кетди.

Қиролича Елизавета II бева қолди

9 апрель куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироличаси Елизавета II нинг эри, Эдинбург герцоги Филипп 99 ёшида вафот этди.

Филипп 99 ёшда эди, унинг юз ёшга тўлишига тахминан икки ой қолганди.

Жорий йилнинг февраль ойида герцог Филипп тоби қочгани туфайли шифохонага ётқизилганди. Шундан сўнг у март ойида юрак хуружи билан боғлиқ операцияни бошдан ўтказиб, қўшимча даволаниш учун бир муддат шифохонада қолди.

Қироллик оиласи шифокори ҳужжатларда 99 ёшли шаҳзода Филипп кексайиб вафот этганини кўрсатган.

Шаҳзода Филипп Виндзор қалъасидаги Авлиё Георгий ибодатхонасида дафн этилди.Эдинбург герцоги унинг дафн маросими атрофида “шов-шув” бўлишини истамаганди ва коронавирус пандемияси унинг хоҳишини тўлиқ бажаришга имкон берди.Дафн маросимида антиқа қоидаларга биноан марҳумнинг атиги 30 нафар яқин қариндоши қатнашган.

Маълум қилинишича, герцог Авлиё Георгий ибодатхонасига вақтинчалик дафн этилган. Қайд этилишича, Қиролича Елизавета II вафот этганидан сўнг, шаҳзода Филиппнинг қабри қироличанинг ота-онаси – Қирол Жорж VI ва Қиролича Елизавета ҳамда унинг кичик синглиси малика Маргарет қабрлари ёнига кўчирилади.

Қирғиз-тожик уруши

2021 йил 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди. Можаро Тожикистоннинг Хўжа Аъло қишлоғи ва Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги Исфара дарёсининг юқори оқимида жойлашган “Головной” сув тақсимлаш пункти атрофида бошланди.

2021 йил 28 апрель куни Тожикистон томони вакиллари сув олиш жойидаги электр узатиш устунига сув тақсимотини кузатиш имконини берувчи видеокузатув камераларини ўрнатишга ҳаракат қилган. Икки томондан одамлар тўпланиши натижасида ўртада жанжал юзага келди. Тожик ва Қирғиз аҳолиси бир-бирларига тош отишни бошлади. Фуқаролар ўртасида келиб чиққан можаро тез фурсатда икки давлат ўртасида қисқа тўқнашувни келтириб чиқарди. 

29 апрель куни соат 17:00 атрофида тожик ҳарбийлари Қирғизистоннинг Қапчиғай, Мин-Булоқ, Дўстук, Қўжўгар ва Булоқ-Баши чегара постларига қарата ўт очган. Ҳужум натижасида Қирғизистон чегарасининг “Дўстук” пости биноси ёниб кетган. Бунга жавобан Қирғизистон чегара хизматининг “Бору” махсус тезкор гуруҳи Тожикистоннинг “Хўжа Аъло” чегара постини қўлга олган. Шундан сўнг, икки давлат чегарасида қизғин отишмалар бошланиб кетган.

1 май куни икки давлат делегация раҳбарлари ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва қўшинларни чегарадан узоқлаштиришга келишиб олди.

Қирғиз-тожик уруши уч кун давом этди. Маълумотларга кўра, отишмалар натижасида жами 36 киши ҳалок бўлган, 190 нафар инсон жароҳатланган. Ҳалок бўлган ва яраланганларнинг катта қисми тинч аҳоли вакиллари эди.

2021 йилнинг сентябрь ойида тожик-қирғиз чегарасида мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Бундан ташқари, 25 декабрь куни Қирғизистоннинг Дамба ва Мақсат қишлоқлари қаршисидаги чегара яқинида тожик ҳарбийларининг тирбандлиги қайд этилган ва улар чегара постларидан бирига миномёт ўрнатган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистон билан умумий чегара 972 км, шундан 519 км келишилган, 375 км эса баҳсли ҳисобланади.

Фаластин-Исроил можароси

2021 йил 7 май – Рамазон ойининг охирги жума куни. Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Маълумотларга кўра, Исроил судининг Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисидаги қарори одамларни ғазаблантирган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. Шундан сўнг, Ал-Ақсо масжиди олдида норозилик бошланиб кетган. Полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга ҳаракат қилганида, оломон Исроил полиция ходимларига қарата тош ва шиша идишларни улоқтира бошлади. Полиция бу ҳолатда намойишчиларни резина ўқлар ва карахт қилувчи гранаталар билан тўхтатишга ҳаракат қилган. Тўқнашув оқибатида, 163 нафар фаластинлик мусулмон ва 6 нафар исроиллик полиция ходими жароҳат олган.

Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантириб, Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун 8 май куни соат 18:00 гача муддат қўйган.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушган. Шундан сўнг, Исроил-Фаластин можароси қайта аланга олди. 

Исроил бунга жавобан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторига ракета ҳужуми уюштирди. Оқибатда эса 22 фаластинлик мусулмон, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди. Ғазабланган ҲАМАС Исроилга 350 та ракета билан жавоб қайтарди.

Исроил полициясининг қаршилигига қарамасдан 13 май куни 100 мингдан зиёд мусулмон Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Ҳайит намозини ўқиди.

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади. Лекин бир қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормаларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Туркия, Эрон, Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор эди.

11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди.

20 май куни Исроил хавфсизлик кабинети аъзолари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш учун овоз берди. Маълумотлар кўра, ракета ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 261 киши, жароҳат олганлар эса 1000 нафарни ташкил этади.

Президенти Ашраф Ғанининг қочиши

2021 йил май ойидан бошлаб АҚШ ва НАТО ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлади. Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” фаоллашиб, ўзининг сиёсий амбицияларини амалга ошириш йўлидан борди ва бирин-кетин мамлакат туманларини ўз назоратига ола бошлади. 

Июль ойининг ўрталарига келганда, “Толибон” Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллади. “Толибон” 14 август куни пойтахт Қобулни ўраб олди. 15 август куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани расман истеъфога чиқиб, мамлакатдан қочиб кетди. Шу куни Қобул толиблар томонидан эгалланди. 

Шу тариқа, Афғонистон Ислом Республикаси ағдарилди. Шундан сўнг, мамлакатда тартибсизликлар бошланди. Минглаб афғон фуқаролари самолётга осилиб, мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилди. Маълумотларга кўра, 15 август куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилар Амударё орқали Ўзбекистон чегарасидан қонунга хилоф равишда Термиз тумани ҳудудига ўтган.

Польша-Беларусь чегарасидаги можаро

2020 йил 9 август куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Беларусь Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, Александр Лукашенко 80,08 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг асосий рақобатчиси бўлган Светлана Тихановская 10,12 фоиз овоз тўплади. Мухолифат натижаларни сохталаштирилган деб эълон қилди ва Минск ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Европа Иттифоқи мамлакатлари мухолифатини қўллаб-қувватлади. Натижада Европа Иттифоқи ва Беларусь ҳукумати ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШ Беларусга қарши санкциялар жорий қилди. Бунга жавобан 2021 йил куз ойларида Александр Лукашенко мингратларга Европа Иттифоқига ўтиш учун рухсат берди.

2021 йилнинг ноябрь ойида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидан келиб, Беларусда бўлиб турган бир неча минг ноқонуний муҳожирлар, жумладан аёллар ва болалар Польша чегараси яқинида тўпланди. Интернетда мигрантлар чегарага ўрнатилган тўсиқни бузиб, тиканли симни кесишга уринаётгани акс этган видеолар тарқалди. Маълумотларга кўра, 30 мингдан ортиқ одам ноқонуний равишда Беларусь орқали Польшага киришга уринган. Бунга жавобан Польша хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ сепган. Польша Президенти чегарадаги вазиятда тўғридан-тўғри Беларусни айблади. 

2 декабрь куни Европа Иттифоқи кенгаши чегарадаги миграция инқирози муносабати билан Беларусга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини тасдиқлади

Еврокомиссия маълумотларига кўра, йил бошидан бери деярли саккиз минг муҳожир Беларусь орқали Европа Иттифоқига кўчиб ўтган. Улардан 4300 таси Литвага, 3200 таси Польшага ва 400 дан ортиғи Латвияга кирган.

Хайр, Германия онаси!

2021 йилда Германия сиёсий доирасида катта ўзгаришлар бўлди. Европанинг энг бой давлатини 16 йил давомида бошқариб келган Германиянинг биринчи аёл канцлери Ангела Меркель ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди. Бу ўзгариш нафақат немис халқини, балки бутун дунёда адолат, коррупцияга қарши кураш, сўз ва матбуот эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, қонунийликни таъминлаш хайрихоҳларини ҳайратга солди. 

Октябрь ойида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, бир вақтлар вице-канцлер ва Молия вазири бўлган Олаф Шольц Германиянинг янги канцлери бўлди.

3 декабрь куни Ангела Меркелни ҳукумат раҳбарлигидан кузатишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Шу тариқа Германияни 2005 йилдан бери бошқариб келган илк аёл канцлер истеъфога чиқди.

Ўтган 12 ой давомида жаҳонда шундай муҳим воқеа ва ҳодисалар юз берди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг