Ҳалокат “ёқасидаги” афғонлар, рақобатчилари ҳақида сўз очган Мирзиёев ва “қўли калталашган” ҚҚС – Кун дайжести
Жамият
−
26 Октябрь 2021
8968Бугун, 26 октябрь куни Ўзбекистон ва ҳалқаро майдонда кўплаб муҳим воқеаликлар содир бўлди. Яна беш йил муддатга Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев сайловда номзоди қўйилган, бироқ мағлуб бўлганлар ҳақида ўз фикрини билдирган бўлса, Германия Президенти Ангела Маркелдан лавозимида қолишни сўради. Шу каби хабарларнинг қисқача тафсилоти билан қуйида танишинг:
Жамият
Мирзиёев рақобатчилари ҳақида: “Уларнинг ҳам нияти – Ўзбекистонни ривожлантириш”
Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиб, мағлуб бўлган номзодларнинг дастурларидаги халққа маъқул таклифлар инобатга олинади. Бу ҳақда сайловда ғалаба қозонган ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Уларнинг ҳам нияти – Ўзбекистонни ривожлантириш. Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни албатта инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Мен халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, орзу-умидларини ушалтириш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратим ва салоҳиятимни сарфлашга ваъда бераман. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўз белгиси ва байроғига эга бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентининг белгиси ва штандартига (байроғига) эга бўлди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига тегишли қўшимча киритилди.
Қонунда Президент белгиси ва штандарти (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Президент томонидан белгиланади.
Айрим музей ходимларининг маоши оширилди
Маданият вазирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат маданият муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорларига қўшимча ва ўзгартириш киритилди.
Ўзгартиришларга мувофиқ давлат музейлари, музей-қўриқхоналари, уй музейлари ва бошқа музей туридаги ташкилотларнинг қуйидагиларга эга маъмурий-бошқарув ходимлари, ижодий ходимлари ва мутахассисларининг базавий лавозим маошлари миқдорлари кўтарилади.
Ўзбекистонда қайси ҳудуд экологияга энг кўп зарар бериши маълум бўлди
2020 йил якунларига кўра республика бўйича токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотларда ҳосил бўлган жами чиқиндилар миқдори 125,6 млн тоннани ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори улуш Навоий вилоятида экани маълум бўлган – 48,2 фоиз. Кейинги ўринлардан Тошкент вилояти (34,6 фоиз) ва Жиззах вилояти (9,1 фоиз) жой олди.
Гўшт, балиқ ва картошка ҚҚСдан озод қилинди
Ўзбекистон Президенти "Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади.
Киритилган қўшимчага кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Талабаларни ижарага қўйганлар даромад солиғидан озод қилиниши мумкин
Талабаларни ўз уйларига ижарага жойлаштирувчи шахсларнинг ижара тўловларидан олган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилиши мумкин.
“Бундан буён бўҳтон хабарларга тоқат қилолмаймиз”. QALAMPIR.UZ раҳбари Халқаро форумда нутқ сўзлади
Халқаро ОАВда эълон қилинаётган йирик жиноятлар билан боғлиқ хабарларда айбдорлар аниқланмай туриб, “жиноятни содир этган шахс марказий осиёлик ёки фалончи давлат фуқароси бўлиши мумкин”, деган тахминларнинг илгари сурилиши ўқувчилар онгида ўша мамлакат ва унинг кўп миллатли халқининг обрў-эътиборини туширмоқда.
Умра зиёратига боришни хоҳловчилар энди 14 кун кутишмайди
Эндиликда Умра зиёратига боришни хоҳловчи мусулмонлар аввалгидек рўйхатга ёзилиш учун 14 кун кутишлари шарт эмас.
Вазирликнинг режалаштириш ва стратегия бўлими бошлиғи Амир Мадданинг айтишича, коронавирус туфайли жорий этилган профилактик тадбирларнинг юмшатилиши натижасида умра зиёритига келувчилар учун кенг имкониятлар эшиги очилмоқда.
Давлат хизматчиларининг меҳнат таътили узайтирилиши мумкин
Давлат хизматчиларининг энг кам йиллик меҳнат таътили 27 кунга узайтирилиши мумкин.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда қабул қилиниб, айни дамда Сенатга жўнатилган кодекс матнида йиллик меҳнат таътили бўйича қатор янгиликлар мавжуд.
Ўзбекистонликларнинг Россияда ишлашига доир битим тасдиқланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан жорий йилнинг 17 июнь куни Тошкент ва Москва шаҳарларида дипломатик канал орқали имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ва Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисида”ги Битим тасдиқланади.
Эски автомобилни расмийлаштириш учун йиғимлар бекор қилинади – Ғаниев
2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.
“Бундан бир неча ҳафта аввал, иккиламчи бозордан автомобиль харид қилинганда уни бошқа шахс номига олди-сотди шартномаси орқали нотариал расмийлаштириш ҳамда ДЙҲХХ (ГАИ)да рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи ва йиғимлар миқдорининг юқорилиги ҳақида ёзгандим. Шунингдек, ушбу давлат божи ва йиғимлар ставкаларини 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда қайта кўриб чиқишни сўраб, Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборгандим. Бугун ўша сўровимга Молия вазирлигидан жавоб олдим”, дейди депутат.
Сайловлар тинч, лекин чекланган сиёсий муҳитда ўтди – АҚШ Ўзбекистондаги сайлов бўйича баёнот берди
Ўзбекистонда Президент сайлови сиёсий жиҳатдан чекланган муҳитда ўтказилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат депаратментининг Ўзбекистондаги сайловлар бўйича хулосасида айтилган.
“Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон халқининг 24 октябрь куни бўлиб ўтаган президентлик сайловларида ўз овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишини қўллаб-қувватлайди. Биз сайловлар тинч ва сайловчиларнинг фаол иштироки билан характерлангани борасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲБ ДИИҲБ) кузатувчилар миссияси билан ҳамфикрмиз. Аммо ЕХҲТнинг сайловлар ҳаддан ташқари чекланган сиёсий муҳитда ўтгани бўйича ташвишига шерикмиз. Шу билан бирга сайлов ўтказишда муҳим кафолатларга эътибор қаратилмаган”, дейилади Давлат департаменти хулосасида.
Олам
Мисрда 4,5 йиллик фавқулодда ҳолат бекор қилинди
Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси 2017 йилда мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилди. У тегишли баёнотни Facebook’даги расмий саҳифасида эълон қилган.
“Доимо кураш ва машаққатли меҳнат орқали интилиб келган лаҳзани бирга баҳам кўраётганимиздан хурсандман. Миср ўзининг буюк халқи ва содиқ одамлари туфайли минтақада хавфсизлик ва барқарорлик воҳасига айланди. Шу сабабли, мен йиллар давомида биринчи марта фавқулодда ҳолат муддатини узайтиришни бекор қилишга қарор қилдим”, деган у.
Япония маликаси севгиси туфайли унвонидан маҳрум бўлди
Япония маликаси Мако оддий йигитга турмушга чиқди ва қироллик хонадони аъзоси мақомини йўқотди.
Қайд этилишича, Мако коллежда танишган ошиғи Кэй Комурога турмушга чиққан. Улар аслида 2018 йилда турмуш қуриши режалаштирилган, бироқ баъзи бир сабабларга кўра никоҳ кечиктирилган.
АҚШнинг Россия билан муносабатлардаги асосий хатоси айтилди
АҚШ раҳбарияти халқаро майдонда Пекинга эътибор қаратиш ва Москванинг таназзулига умид қилиш керак, деб янглишмоқда.
“Вашингтон Россия бурчак остида қолган деган ишончдан воз кечиши керак. Унинг раҳбарияти ўзини бундай образда тутмайди, аксинча, Кремль ўзини ўз минтақасидаги куч маркази ва глобал миқёсдаги фаол ўйинчи сифатида кўради”, деб ёзган муаллифлар Майкл Кофман ва Андреа Кендалл-Тейлор.
“Афғонистонни фалокат кутмоқда”. БМТ 23 млн афғон қирилиб кетишидан огоҳлантирди
Афғонистоннинг 23 миллион аҳолиси очлик оқибатида ҳалок бўлиши мумкин. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан ўтказилган тадқиқот шундай натижа кўрсатган.
“Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, ноябрь ойида Афғонистонга кенг кўламли очлик хавф солади, мамлакат аҳолисининг ярми, деярли 23 млн киши ўткир озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келади. Бу дунёдаги энг ёмон гуманитар инқирозни бошдан ўтказаётган ушбу мамлакат учун навбатдаги қайғули рекорд”, дейилади БМТ хабарида.
Германия Президенти Меркелдан лавозимида қолишни сўради
Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ангела Меркелдан унинг ўрнига бошқа одам тайинлангунга қадар канцлер вазифасини бажаришни давом эттиришни сўради.
“Сўров Асосий қонуннинг 69-моддаси 3-бандига мувофиқ бугун 20-чақириқ Бундестагнинг таъсис мажлисининг очилиши билан боғлиқ”, дейилган хабарда.
Қозоғистон миллий маънавиятни шакллантириш учун 280 млн доллар сарфламоқчи
Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги мамлакатда миллий руҳни шакллантиришга ёрдам бериши керак бўлган “Ұлттық рухани жаңғыру” (Миллий маънавий тикланиш – таҳр.) лойиҳасини тақдим этди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг вазифалари қуйидагилардан иборат: қозоқ тилини кундалик муҳитдан олиб чиқиш ҳамда уни фан ва бизнес тилига айлантириш, шунингдек, Қозоғистон миллий маданиятини чет давлатларда тарғиб қилиш.
БМТ огоҳлантирди: инсоният хавф остида!
2020 йилда карбонат ангидрид (CО2) концентрацияси миллионнинг 413,2 қисмга ёки саноат пайдо бўлишидан олдинги ҳолатдан 149 фоизга кўп бўлди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълум қилган.
Метан концентрацияси 1750 йилга қараганда кўп, яъни 262 фоизни, азот оксиди (N2О) эса 123 фоизни ташкил қилган. Бу дегани 1750 йилдан бошлаб инсоният Ердаги табиий мувозанатни бузишни бошлаган.
Спорт
Бокс бўйича ЖЧ: бугун Ҳасанбой ва яна 2 боксчи жанг қилади
Хабарингиз бор, айни дамда Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 26 октябрь куни эса Жаҳон чемпионатида 3 нафар ўзбекистонлик боксчилар рингга кўтарилади.
“The Ring” энг кучли боксчилар рейтингини янгилади. Фьюри ўнталикда йўқ
Нуфузли “The Ring” нашри вазн тоифасидан қатъи назар, дунёнинг энг яхши боксчиларининг янгиланган рейтингини эълон қилди.
Унга кўра, супер ўрта вазнда WBА, WBC, WBО ва The Ring чемпионлик камари соҳиби Сауль Альварес биринчи поғонада қайд этилган, иккинчи ўринда версиялари бўйича супер оғир тоифада WBА, IBF, WBО ва IBО йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Александр Усик жойлашган. Япониялик Наоя Иноуэ эса учинчи ўринда қайд этилган.
“Олтин тўп”ни Месси ютишидан қўрқаман – ПФФ президенти
Польша футбол федерацияси президенти ва “Ювентус” собиқ футболчиси Боньек Збигнев бу йилги “Олтин тўп”нинг Мессига топширилиши адолатсизлик бўлишини айтди.
“Қўрқаманки, совринни Месси қўлга киритади. Сабаби, бу мукофот учун Африка, Америка ва Осиё қитъаларида ҳам овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтади, улар эса Месси ва Роналдудан бошқасини билишмайди”, деган Збигнев.
LiveБарчаси