Мисрда 4,5 йиллик фавқулодда ҳолат бекор қилинди 

Олам

image

Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси 2017 йилда мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилди. У тегишли баёнотни Facebook’даги расмий саҳифасида эълон қилган.  

“Доимо кураш ва машаққатли меҳнат орқали интилиб келган лаҳзани бирга баҳам кўраётганимиздан хурсандман. Миср ўзининг буюк халқи ва содиқ одамлари туфайли минтақада хавфсизлик ва барқарорлик воҳасига айланди. Шу сабабли, мен йиллар давомида биринчи марта фавқулодда ҳолат муддатини узайтиришни бекор қилишга қарор қилдим”, деган у. 

Президентнинг сўзларига кўра, Миср халқи бир неча йиллардан буён “ривожланиш ва қурилиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларда чин дилдан иштирок этиб” ушбу қарорга интилган. 

Мисрда фавқулодда ҳолат 2017 йилнинг апрель ойида, экстремистлар Танта ва Искандария шаҳарларидаги черковларга ҳужум уюштиргандан сўнг жорий этилган. Ўшанда 45 киши ҳалок бўлган ва 120 дан ортиқ киши жароҳат олган. Ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган. 

Шундан сўнг, Президент халққа мурожаатида терроризмга қарши чоралардан бири сифатида уч ойлик муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилишини ва уни узайтириш имкониятини эълон қилган. Конституция талаб қилганидек, кейинги икки кун ичида фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун ҳукумат ва парламент томонидан маъқулланган. 

Ўшандан бери фавқулодда чоралар ҳар уч ойда 18 марта узайтирилган ва пандемия дунёга тарқала бошлаганидан бери Президент фармонида бу чоралар соғлиқни сақлаш ҳолати билан ҳам боғлиқ равишда қўлланилиши қайд этилган. 

Расмий равишда навбатдаги фавқулодда чоралар жорий йилнинг 24 октябрь куни ярим тунда якунланди. 4 октябрь куни ас-Сисий Синай яриморолида қўшимча хавфсизлик чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Миср конституцияси давлат раҳбарига уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқини беради, агар қарор парламент томонидан тасдиқланса. 

Мисрда хавфсизлик кучларига чексиз ваколатлар берган фавқулодда ҳолат 1981 йилдан бери доимий асосда фаолият юритиб келган ва 2012 йил январь ойида бекор қилинган. Бу 2011 йил январь инқилоби пайтида намойишчиларнинг асосий талабларидан бири бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср фавқулодда ҳолат

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг