“Бундан буён бўҳтон хабарларга тоқат қилолмаймиз”. QALAMPIR.UZ раҳбари Халқаро форумда нутқ сўзлади

Жамият

Халқаро ОАВда эълон қилинаётган йирик жиноятлар билан боғлиқ хабарларда айбдорлар аниқланмай туриб, “жиноятни содир этган шахс марказий осиёлик ёки фалончи давлат фуқароси бўлиши мумкин”, деган тахминларнинг илгари сурилиши ўқувчилар онгида ўша мамлакат ва унинг кўп миллатли халқининг обрў-эътиборини туширмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ ахборот агентлиги раҳбари Қамариддин Шайхов Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган медиа форумдаги нутқида сўз очди. 

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва журналистика йўналида таълим бериб келаётган ўқитучи-профессорлар иштирок этди. Форумнинг “Бирдамликда эришилган зафар: Қорабоғ” мавзусидаги сессиясида Ўзбекистон делегациясидан  иштирок этган QALAMPIR.UZ ахборот агентлиги раҳбари Қамариддин Шайхов ҳам сўзга чиқди. У сўзи аввалида 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари ўртасида бошланган тўқнашувга эътибор қаратди. 

“Мен сўзим аввалида эътиборингизни ўтган йилнинг сентябрь ойида Қорабоғда бўлган воқеалар ва бунга халқаро ҳамжамиятнинг муносабатига қаратмоқчиман. Озарбайжон Қорабоғ борасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни бошлаган бир вақтда, доимгидек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, НАТО, Минск Гуруҳи ва Хавфсизлик кенгаши давлатлари Озарбайжон ва Арманистонни муросага келишга чақириб чиқди. Бу Озарбайжон ва унинг минг йиллик тарихи, халқи ва унинг яқин ўтмишда бошидан кечирган кулфатларига беписандлик эди. Арманистоннинг 30 йил давомида халқаро ҳуқуқ нормалари, қолаверса, БМТ резолюцияларини бажармай келганига миқ этмаган халқаро ташкилотлар, баъзи йирик кучлар Озарбайжоннинг паймонаси тўлиб, ўз ҳаққини талаб қилишни бошлаганда, тилга кирди. 27 сентябрь куни икки мамлакат ўртасида бошланган қуролли тўқнашув ўз ортидан йирик ахборот урушини ҳам етаклаб келди. 

Айни вазиятда тезкорлик ва ахборот хуружи ёнма ён келди. Манбалар бир-бирини рад этадиган ахборотлар беришни бошлади. Вазият қалтис тус олгани сари холисликни байроқ қилган оммавий ахборот воситалари, аслида, бошқа бир кучлар, манфаатлар қўлида қўғирчоқ бўлаётгани яққол кўзга ташланди”, дейди Қамариддин Шайхов.

QALAMPIR.UZ мухбири урушдан сўнг Қорабоғга борган илк журналистлардан бири ҳисобланади. У чўчқа боқилган масжиддан тортиб, вайрон қилинган қишлоқда ҳам бўлди. Тарихий обидалар 30 йил давомида қандай таҳқирлаб келинганини ўз кўзи билан кўрди. Миналанган хавфли ҳудудларгача кириб борди. Ярим тунда Ганжа шаҳрига отилган ракетада фарзандини йўқотган оналар билан суҳбатда бўлди, уларга қўшилиб йиғлади. Қамариддин Шайхов халқаро Форумда шуларни ёдга оларкан, шундай деб қўшимча қилади: 

“Биз ушбу мавзуни ёритишда кўр-кўроналикка ва ғарб манбаларига асосланмадик. Аксинча, воқеани холис, бир неча манбаларга асосланган ҳолда ёритдик. Кўрганларимизни ёздик. Ва бу журналистнинг виждоний бурчи эди. Ўзбекистондаги барча медиалар, журналистлар айнан ҳақиқатни ёздилар”. 

QALAMPIR.UZ раҳбарига кўра, бугун бутун дунёда ижтимоий тармоқларнинг кун сайин ривожланиб бориши ортидан, ёлғон ва сохта ахборотлар сони ҳам ортмоқда. Кўпинча, бундай ахборотлар барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. 

“Қорабоғдаги қуролли тўқнашувлар ортидан бошланган ахборот уруши, дезинформация муаммоси бугун ахборот соҳаси, одамларда ижтимоий фикр уйғотиш нақадар масъулиятли вазифа бўлиб бораётганини кўрсатади.  

Пандемия дунёда бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган глобал адолатсизлик, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, очлик, исломофобия, ирқий ва ижтимоий тенгсизлик, қочқинлар муаммоси, халқаро терроризм ва бир неча йиллардан буён дунёни безовта қилиб келаётган иккилик стандарти каби масалаларни янада кучайтирди. Қорабоғдаги воқеалар эса дунё ҳақиқатан ҳам 5 дан буюклигини, 8 миллиарддан ортиқ одамнинг ҳаётини бир ҳовуч мамлакатлар инсофига ташлаб қўйиб бўлмаслигини яна бир бор кўрсатди. Бунда эса оммавий ахборот воситаларининг ўрни янада ортади”, дейди Шайхов.

У халқаро оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, жумладан Туркия ҳақида тарқатиладиган айрим ахборотлар айнан ўша давлат ва миллатни обрўсизлантириш учун атай уюштирилишини алоҳида тилга олди.  

“Биз йиллар давомида ўз мамлакатимизда бўлган воқеаларни хорижий матбуотдан ўқиб, хабар топдик. Бу ҳақда қозоғистонлик ҳамкасбларимиз ҳам айтдилар. Қолаверса, мамлакатларимиз ҳақида матбуотда бўҳтон хабарларга ҳам кўзимиз тушади.

Айниқса, йирик жиноятлар билан боғлиқ хабарларда айбдорлар аниқланмай туриб, жиноятни содир этган шахс марказий осиёлик ёки фалончи давлат фуқароси бўлиши мумкин, деган тахминларнинг илгари сурилиши ўқувчиларда ўша мамлакат ва унинг кўп миллатли халқининг обрў-эътиборини туширмоқда. Минг афсуски, айрим ҳамкасбларимиз бундан жуда унумли фойдаланиб келмоқда. ОАВдаги туҳматлардан иборат хабарларга ортиқ тоқат қилиб бўлмайди. 

Бугун Туркий тилли давлатлар хамкорлик кенгаши медиа соҳаси вакиллари иштирокида ўтаётган ушбу форум олдимизга улкан вазифаларни қўяди. Биз нафақат тажриба алмашяпмиз, балки ўзаро мулоқот майдонини яратяпмиз. Энди хабарларни иккинчи ё учинчи манбалардан эмас, тўғридан тўғри олиш, қайта ишлаш ва сифатли тарзда тақдим этиш имкони ортмоқда. Ўйлайманки, бугун ўз касбий фаолияти ва унинг ортидан келиши мумкин бўлган хатарлар, ахборот хуружи оқибатларини тўғри таҳлил қила олган ҳамкасбларимиз имкониятлардан ўз касбини садоқат билан бажаришда фойдаланади”, дейди Қамариддин Шайхов. 

QALAMPIR.UZ раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида медиа форумларни доимий равишда ўтказиб туриш, журналистларнинг мулоқотини кенгайтириш ва аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро хабар айирбошлаш учун платформани ишга тушириш таклифини билдирди. Бу ахборотни бошқа тилли манбаларда олиб, уларнинг ғоялари қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмасликни таъминлашини алоҳида урғулади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида QALAMPIR.UZ интернет нашри асосчиси – журналист Қамариддин Шайховга Туркия тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ҳузуридаги ТУРКСОЙ Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан “ТУРКСОЙ халқаро медиа мукофоти” топширилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Қамариддин Шайхов

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг