Мирзиёев шу ҳафта Туркияга боради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий ҳафтада Туркия Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Давлат раҳбари 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этади. 

Саммитда аъзо давлатлар раҳбарлари – Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этади. 

Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши, “Туркий кенгашнинг бир умрлик фахрий раиси” Нурсултон Назарбоев саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллайди.

Шунингдек, саммитда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашиши ва Туркманистон расман Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида кузатувчи мақомини олиши кутилмоқда. 

Давлат раҳбарлари учрашувида хавфсизлик, сиёсат, иқтисод, товар айирбошлаш, маданий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Саммитда Кенгаш номини Ташкилотга ўзгартириш масаласи ҳам кўриб чиқилади. 

Маълумот ўрнида, куни кеча Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев ўртасида кечган телефон орқали мулоқотда ҳам Президентлар Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг кутилаётган саммити хусусида фикр алмашганлар. Шунингдек, жорий йилнинг 5 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва бугун, 8 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг қабулида бўлган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод Амриев Президентлар билан жорий ҳафтада ўтадиган саммит борасида суҳбатлашган. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган саммитда иштирок этди. 

Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга бўлган Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши ортидан ташкилотнинг мавқеи ҳам, имкониятлари ҳам ортди. Ўз ўрнида ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлиб бормоқда. Буни биргина 2018–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия билан товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. 

2018 йилда Ўзбекистоннинг юқоридаги 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард 957 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақамлари 7 миллиард 353 миллионгача кўтарилди. Пандемия ўзаро товар айирбошлашга анча зарба етказган бўлса ҳам 2020 йилдаги айирбошланган товарларнинг умумий қиймати 6 миллиард 740 миллион 70 минг долларга етган.

2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард 567 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Йил якунигача ушбу рақамлар 8 миллиардга етиши эҳтимоли юқори. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг