QALAMPIR.UZ асосчиси халқаро мукофот билан тақдирланди
Жамият
−
29 Сентябрь 2021
9638QALAMPIR.UZ интернет нашри асосчиси – журналист Қамариддин Шайховга ТУРКСОЙ Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан таъсис этилган “ТУРКСОЙ халқаро медиа мукофоти” топширилди. Мукофотларни ўз эгаларига тақдим этишга бағишланган маросим Озарбайжон пойтахти Бакуда жойлашган Муғом санъати марказида бўлиб ўтди.
Қамариддин Шайхов ушбу мукофот билан тақдирланганида хориж сафарида эди. Шу боис мукофотни қабул қилиб олиш учун Озарбайжонга QALAMPIR.UZ интернет нашри Бош муҳаррири Суннатилла Абдуллаев борди.
7 мамлакатдан мукофотланган 36 нафар журналистларга мукофотни Озарбайжон Республикаси Маданият вазири Анар Керимов ва ТУРКСОЙ Бош котибининг ўринбосари, доктор Билол Чакижи топширган.
Ушбу мукофот ўтган вақт давомида Қорабоғда рўй берган қуролли тўқнашувларни холис ёритган журналистларга тақдим этилди. Шу боис ҳам мукофот ҳайкалчасига Озарбайжоннинг маданий пойтахти Шуша заминида ўсадиган “Хари булбул” гули тасвири туширилган.
Шу ўринда “ТУРКСОЙ Медиа мукофоти” 2009 йилда жорий қилинган ва туркий маданиятни дунё афкор оммасига етказишга ва уни ёйишга хизмат қилган оммавий ахборот воситалари ходимларига топшириб келинади.
Бироқ, 2020 йилда мукофотлар турк маданиятини оммалаштириш учун эмас, балки ўтган йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар давом этган Қорабоғ урушини ҳаққоний ёритишга хизмат қилган, керак бўлса шу йўлда жон берган журналистларга топширилди.
Қайд этиш керакки, Қорабоғ можароси QALAMPIR.UZ учун янги мавзу эмас. 2015 йилдан бери Қорабоғ можароси сайтимизда фаол ёритиб келинган. 2020 йилда ҳам минтақада Озарбайжон ва Арманистон ҳарбийлари ўртасида уруш бошланган илк кундан эътиборан QALAMPIR.UZ’да ҳар икки давлатнинг расмий манбаларига асосланган ҳолда ўзбек жамоатчилигига ахборот етказиб борилди. 44 кун давом этган уруш вақтида 100 дан ортиқ хабар ва мақолалар эълон қилинди. Ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида уч томонлама баённома имзоланиб, уруш расмий Бакунинг ғалабаси билан якунлангач, озод қилинган ерларни қайта тиклаш жараёни батафсил ёритиб келинди.
QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ўзбек журналистлари орасида биринчи бўлиб Қорабоғнинг арманлардан озод этилган Фузулий, Лочин, Калбажар ва Ағдам туманларида бўлиб, ушбу ҳудудлар 30 йиллик мустамлака даврида қай аҳволга келганига: масжидлар чўчқахона ва молхонага айлантирилганига, мактаб, бозор, карвонсарой, инфраструктура объектлари ва шаҳарлар вайрон қилинганига ўз кўзи билан гувоҳ бўлди.
Қорабоғ можароси
2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь