Давлат хизматчиларининг меҳнат таътили узайтирилиши мумкин

Жамият

image

Давлат хизматчиларининг энг кам йиллик меҳнат таътили 27 кунга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳасида белгилаб қўйилди, дея хабар берди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда қабул қилиниб, айни дамда Сенатга жўнатилган кодекс матнида йиллик меҳнат таътили бўйича қатор янгиликлар мавжуд.

Хусусан, янги кодексда ходимларга йиллик асосий меҳнат таътилининг энг кам муддати сифатида 21 календарь куни кўрсатилган. Амалдаги кодексда эса бу муддат камида 15 иш кунни ташкил этади.

Шунингдек, янги кодексда давлат хизматчиларига бериладиган йиллик асосий узайтирилган меҳнат таътилининг аниқ муддати белгилаб қўйилмоқда. Яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хизматчиларига давомийлиги 27 календарь куни бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилиши мумкин. Амалдаги тартибга кўра, 15 иш кунидан иборат таътил давлат хизматчиларига ҳам татбиқ қилиб келинган ва бу муддат жамоа шартномасига кўра бериладиган қўшимча таътил ҳисобига узайтирилиши мумкин бўлган. Кодекс ушбу кўринишда қабул қилинса, давлат хизматчилари учун камида 27 кунлик меҳнат таътили кафолатланади.

Лойиҳага кўра, давлат хизматчиларининг айрим тоифалари учун қонунларда белгиланган йиллик меҳнат таътилининг 27 кундан ҳам узоқроқ муддатлари ўз кучида қолдирилади ва 27 кунлик муддат ушбу узайтирилган таътилларга татбиқ этилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг