“Афғонистонни фалокат кутмоқда”. БМТ 23 млн афғон қирилиб кетишидан огоҳлантирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистоннинг 23 миллион аҳолиси очлик оқибатида ҳалок бўлиши мумкин. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан ўтказилган тадқиқот шундай натижа кўрсатган.

“Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, ноябрь ойида Афғонистонга кенг кўламли очлик хавф солади, мамлакат аҳолисининг ярми, деярли 23 млн киши ўткир озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келади. Бу дунёдаги энг ёмон гуманитар инқирозни бошдан ўтказаётган ушбу мамлакат учун навбатдаги қайғули рекорд”, дейилади БМТ хабарида.

Таъкидланишича, тадқиқот муаллифлари ўз хулосаларини қатор омилларга таяниб чиқарган: қурғоқчилик, можаро, пандемия ва иқтисодий инқироз.

“Олдинда совуқ қиш турибди, гуманитар ташкилотлар Афғонистоннинг айрим ҳудудларига етолмай қолади. Ҳар иккинчи афғонни БМТ таснифига кўра учинчи ва ҳатто тўртинчи даражали инқироз ҳолатида деб таърифлаш мумкин бўлган вазиятга тушиб қолади. Озиқ-овқат етказишни таъминлаш ва одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч аралашуви зарур, акс ҳолда Афғонистонни гуманитар фалокат кутмоқда”, дейилади тадқиқотда.

FAO бош директори Цюй Дунюйга кўра, қиш келиб, Афғонистоннинг катта қисмига бориш мураккаблашмасидан зудлик билан ёрдам кўрсатиш керак.

“Акс ҳолда, миллионлаб одамлар, жумладан фермерлар, аёллар, кичик ёшдаги болалар ва қарияларни совуқ ва очлик кутмоқда. Гап ҳаёт-мамот ҳақида бормоқда. Биз қўлимизни қошувтириб, кўз олдимизда фожиа юз бераётганига кузатувчи бўлмаслигимиз керак”, дея таъкидлаган Цюй Дунюй.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бислининг таъкидлашича, Афғонистонда дунёдаги энг ёмон иниқирозли вазият юзага келди.

“Балки бу энг ёмон инқироздир. Бу қишда миллионлаб афғонлар миграция ёки очликдан ўлим ўртасидаги танлов олдида турибди. Ягона йўл – ёрдам ҳажмини ошириш ва Афғонистон иқтисодиётини жонлантириш”, деган у.

БМТ маълумотларига кўра, апрель ойидан буён Афғонистонда озиқ-овқат етишмовчилигига учраётган аҳоли сони 37 фоизга ошган. Махсус хавф гуруҳида беш ёшгача бўлган 3,2 миллион бола бор. Уларга ўлим хавф солмоқда.

Афғонистонда илгари асосан қишлоқ аҳолиси жабр кўрган бўлса, бугун шаҳарликлар ҳам аянчли аҳволга тушган. Бундан ташқари, оммавий ишсизлик ўрта синфни қашшоқлаштириши ва очликни янада кенгайтириши мумкин. Деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи 7,3 млн қишлоқ аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил қурғоқчиликдан азият чекмоқда.

БМТнинг Афғонистон бўйича гуманитар дастури учун керакли маблағнинг учдан бир қисми йиғилган. Шу сабабдан ташкилот ҳомийларни маблағ ажратишга чақирган. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури 23 млн кишига ёрдам кўрсатмоқчи. Бунинг учун эса 220 млн доллар керак.

FAO мамлакат аҳолисининг 70 фоизини ташкил этувчи фермерлар ва чорвадорларга ҳаётий ёрдам бермоқда. Бу йил 3,5 миллион киши ёрдам олади. Шу ва бошқа фавқулодда операциялар учун FAO жорий йилда қўшимча 11,4 миллион доллар ва 2022 йилда ойига 200 миллион доллар талаб қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон очлик

Баҳолаганлар

303

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг