Афғонистонда аёлларни даволаган эркак шифокорлар қамалиши мумкин
Олам
−
19:26 202 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати эркак шифокорларга аёл беморларни, ҳатто шошилинч ҳолатларда ҳам, маҳрамисиз кўрикдан ўтказиш ва даволашни тақиқламоқда. Талабни бузган шифокорлар қамоққа олиниши, клиникаларда эса рейдлар ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Журналистлар Афғонистоннинг турли ҳудудларида яшовчи аёллар ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашган. Уларнинг айтишича, “Толибон”нинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги эркак стоматологларга аёлларни даволашни тақиқловчи кўрсатмалар берган. Бундай чеклов расман эълон қилинмаган бўлса-да, мамлакат бўйлаб амалда қўлланилаётгани қайд этилган.
Хусусан, Ҳирот шаҳрида яшовчи 37 ёшли Фарида исмли аёл тишларини даволатиш учун хусусий клиникага мурожаат қилган. У бир неча марта муолажа олган ва даволаниш харажатларини олдиндан тўлаган. Бироқ имплант ўрнатилиши керак бўлган навбатдаги ташрифида клиника ходимлари уни даволашни давом эттира олмаслигини билдирган.
Шифокорлар бунга “Толибон” томонидан эркак стоматологларнинг аёл беморларни даволаши тақиқлангани сабаб бўлганини тушунтирган. Орадан уч ой ўтган бўлса-да, Фариданинг даволаниши якунланмаган.
Шимолий Афғонистондаги давлат шифохонасида 15 йилдан бери ишлаётган жарроҳ Самимнинг айтишича, эркак шифокорларга аёлларни бевосита кўрикдан ўтказиш тақиқланган. Ҳатто беморнинг аҳволи оғир ёки муолажа оддий бўлиши ҳам бу талабни ўзгартирмайди. Айрим ҳолатларда даволаниш учун аёлнинг ёнида маҳрами бўлиши ёки муолажани аёл ҳамшира бажариши талаб этилади.
Чекловлар бошқа соҳаларга ҳам ёйилган. Балх вилоятида май ойида шифохоналар, хусусий клиникалар ва тиббиёт муассасаларига аёл беморларни исми билан чақирмаслик, уларнинг ўрнига “Биби” сўзидан фойдаланиш ҳақида кўрсатма берилгани хабар қилинган. Бу талаб тиббий рецептларга ҳам тааллуқли экани айтилган.
Шунингдек, 2024 йилнинг декабридан бошлаб афғонистонлик аёлларнинг тиббиёт институтларида таҳсил олиши тақиқланган. Нашрлар суҳбатлашган шифокорларнинг айтишича, шифохоналарга аёл ходимларни ишга қабул қилмаслик бўйича ҳам кўрсатмалар берилган. Амалиётда қолаётган аёл шифокорлардан эса иш жойига маҳрам билан келиш талаб қилинмоқда.
Оқибатда аёллар малакали тиббий ёрдам олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Улар малакали шифокор тополмаса, талабга жавоб бермайдиган тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш ёки касаллик билан яшашга мажбур бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда тўйлар ва бошқа байрам тадбирларида одамларнинг осойишталигини бузувчи воситалардан фойдаланиш, яъни мушакбозлик қилиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси