Трендга чиққан Усмонова ва ҳаётига нуқта қўйилган “Асалҳоней” ёхуд олтин олма шакар ол – ҳафта дайжести
Таҳлил
−
19 Март 2022
83266Якунига етиб бораётган ҳафтада Ўзбекистон ва хорижий давлатларда кўплаб воқеалар юз берди. Тобора алангаланаётган уруш, ошиб бораётган доллар курси, одамларда пайдо бўлган шакар васвасаси ва уйида ўлдириб кетилган Асалҳоней шулар жумласидан.
Ҳафта давомида содир бўлган энг мухим воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'да танишинг.
Россия-Украина уруши: Мариуполда 2 мингдан ортиқ одам ўлдирилди
Россия ва Украина ўртасидаги уруш 24 кундирки давом этмоқда. Уруш бошланганидан бери Украинанинг биргина Мариуполь шаҳрида Россия ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида 2187 киши ҳалок бўлган. Бутун мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ бола ўлдирилган.
“Қонли январь” воқеалари юзасидан 11 нафар ўзбекистонлик тергов қилинмоқда.
Қозоғистонда “Қонли январь” воқеалари сарҳисоби давом этмоқда. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг 19 нафар хорижлик фуқарога нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг 11 нафари Ўзбекистон фуқароси.
Доллар курси кескин кўтарилди
Долларнинг расмий курси ҳафта давомида ошишда давом этиб, 11 минг сўмлик довонни босиб ўтди. 17 март куни доллар курси 11 571,99 сўмгача кўтарилди. 18 март куни эса расмий курс 62,40 сўмга арзонлашиб, 11 509,59 сўмни ташкил қилди.
Марказий банк раиси Мамризо Нурмуродовга кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси қадрсизланиши март ойининг дастлабки ярмида тезлашди. Бу ҳолат бир томондан ташқи геосиёсий вазият таъсирида экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли камайиши (асосан, Россия ва Қозоғистондан) таъсирида ички валюта бозорида таклифнинг қисқариши билан тушунтирилади.
Тақмоқларда “юлдуз”га айланган Усмонова
“Ўзларингни билиб ўтиринглар”. Эътибор марказида бўлишни яхши кўрадиган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова яна тармоқда кун тартибига чиқди.
10 мартдан буён Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройида концерт бераётган хонанда, дастурларнинг бирида техник носозлик сабаб концерт зали саҳнасининг пардаси охиригача очилмай қолган ва бу томошабинларга ноқулайлик туғдирган, шу сабабли улар эътироз билдира бошлаган. Усмонова эса томошабинларга қўпол муносабатда бўлган.
Ҳолатни Маданият вазирлиги ҳам қоралаб чиқди. Орадан вақт ўтиб, Истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича федерация Юлдуз Усмонованинг концерти юзасидан шармандали баёнот берди.
“Бизга маълум бўлишича, 12 март куни бўлиб ўтган концертда юз берган ушбу воқеа асосида тарқалган видеолар айтилган фикрлардан бир қисмини кесиб олишган, яъни контексдан кесиб олинган. Бироқ қандай ҳолат юз бермасин, санъаткор ўз номига, касб одобига риоя этиши лозим. Биз ўрганиш ишлари якунига етгач, ўз якуний хулосамизни билдирамиз”, дейилади Федерациянинг мужмал ва тушунарсиз баёнотида.
Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Сардор Бердимуҳамедов Президент бўлди
Жорий йилнинг 12 март куни Туркманистонда ўтказилган навбатдан ташқари Президент сайловида амалдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов ғалаба қозонди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Сардор Бердимуҳамедовга сайловда қатнашганларнинг 72,97 фоизи овоз берган.
19 март куни кичик Бердимуҳамедов расман Президент лавозимига киришди.
Россиянинг урушини қоралаган журналист жаримага тортилди
14 март куни кечқурун Россиянинг “Биринчи канал”и ходими Марина Овсянникова “Время” кўрсатуви жонли эфирида урушга қарши плакат билан студияга кириб борди.
Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган. Унинг қўлидаги плакатда эса телеканал маълумотларига ишонмаслик, бу пропоганда экани ёзилганди.
Ҳолат юзасидан суд бўлиб ўтди ва муҳаррирга нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.2-моддаси 2-қисми (хабар бермасдан оммавий тадбирни ташкил этиш ёки ўтказиш) бўйича айбдор деб топди ва 30 минг рубль миқдорида жарима солди.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг “Время”сини бузган аёлга раҳмат айтиб, шундай деди:
“Ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилишдан тўхтамаган руслардан, дезинформацияга қарши курашаётган ва ҳақиқатни, дўстлари, қариндошлари ва яқинларига айтаётганлардан. Шунингдек, шахсан урушга қарши плакат билан “Биринчи канал” студиясига кирган қиздан миннатдорман”.
“Талипоч қалъа дарвозаси”ни таъмирлаш учун 1 млрд сўм маблағ ажратилди
Жорий йилнинг 11 март куни Бухоро шаҳридаги “Талипоч қалъа дарвозаси” чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушди. Маданий мерос агентлигига кўра, бунга ҳафта давомида Бухорода ёмғир ёғгани сабаб бўлган.
Агентлик мазкур девор ва қалъа дарвозасини таъмирлаш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм (ажабо!) ажратилишини маълум қилди.
Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова вафот этди
15 март куни ўзбек кино ва театр санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова 86 ёшида вафот этди.
Театр саҳнасидаги Луиза (“Макр ва муҳаббат”), Фусако (“Ўғирланган умр”), Хонзода (“Бой ила хизматчи”), Фотима (“Шошма, қуёш”), Сотти (“Келинлар қўзғолони”), Нодира (“Нодирабегим”), Ҳафиза (“Шоҳи сўзана”) каби 200 дан ортиқ, телевидение ва кино тасмаларидаги Эна (“Тоғлик куёв”), Зеби (“Тўланган қарз”), Холида (“Абдуллажон”) сингари роллари ўзбек халқи қалбидан жой олган.
АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи деб атади
Журналистларнинг Путинни ҳарбий жиноятчи деб аташга тайёрмисиз, деган саволига Байден аввалига “йўқ” деб жавоб берди, кейин эса саволни такрорлашни сўради ва “Ҳа, мен уни ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблайман”, дея ўз жавобига аниқлик киритган.
Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан оладими?
Ўзбекистон Украина шарқида жойлашиб олган сепаратистлар назоратидаги Донетск ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олмайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида айтиб ўтди.
Вазирнинг қайд этишича, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Расмий Тошкент вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур.
Ўзбекистонда шакар нархи кўтарила бошлади
17 март куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда шакар тақчиллиги юзага келгани ҳақидаги хабарлар кўпайди.
QALAMPIR.UZ муштарийларининг маълум қилишича, 17 март ҳолатига баъзи ҳудудлардаги бозорларда шакарнинг нархи 14 минг сўмдан 17 минг сўмгача қимматлашган.
Бу орада Аксилмонополия қўмитаси фуқароларни ваҳимага берилмасликка чақирди.
Қайд этилишича, Россия ва Украина давлатлари томонидан шакар экспорти тўхтатилганининг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсири йўқ. Бу икки давлатнинг ички бозордаги улуши бор-йўғи 2 фоизини ташкил этади.
18 март куни эса биржада шакар арзонлашгани маълум қилинди. Хусусан, бир тонна шакар учун 11 млн 922 минг сўмдан 10 млн 101 минг сўмгача, яъни 15,3 фоизга арзонлашган.
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан мулоқот учрашди
18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари йиғилишда шифокорларга бир нечта имтиёзлар берилишини урғулади.
Шу билан бирга тарихда шифокорлар эътибордан четда қолгани, уларни ўқитиш, шифохоналарда камчиликлар бўлганини ҳам эслади.
“Асалҳоней” уйида ўлик ҳолда топилди
Жорий йилнинг 18 март куни ижтимоий тармоқларда “Асалҳоней” номи билан танилган Асал Хўжаева ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура изоҳ берди. Аниқланишича, 18 март куни Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Махтумқули кўчасидаги уйда Асал Хўжаеванинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’да танишинг.
LiveБарчаси