Украинага босқиннинг 3 йиллиги

Таҳлил

2022 йил 24 февраль — дунёда энди катта уруш бўлмайди деган қарашлар парчаланган ва бу ҳужум “махсус ҳарбий операция” деб номланган кун. 2014 йилдан буён давом этиб келаётган можаролар якунда шундай урушга олиб келиши тайин эди ва шундай ҳам бўлди. Аммо икки қардош ва замонавий давлатларнинг бу йўсинда “кураши” XXI аср одамлари учун “кутилмаган воқеа” эди. Сиёсий ва тарихий зиддиятлар, ҳудудий даъволар ҳамда геосиёсий манфаатлар бу можаронинг асосий сабабларидан бири бўлди.

Босқиннинг дастлабки кунлари

2022 йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва бу Украинага қарши босқин хавфини ошириб юборди.

24 февраль куни Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари “махсус ҳарбий операция” бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

24 февраль куни тонгда Украинанинг Киев, Харьков ва Днепрдаги ҳарбий инфратузилма объектларига ракета ҳужумлари уюштирилди. Бу ҳақда Faceook’да Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченко маълум қилди.

“Босқин бошланди. Ҳозиргина Киев, Харьков, Днепрдаги ҳарбий бошқарув марказлари, аэродромлар, ҳарбий омборларга ракета зарбалари берилди. Чегарани артиллериядан ўққа тутмоқда. Бугундан бошлаб дунёда янги геосиёсий воқелик вужудга келди. Ё Украина ва дунё янги Гитлерни ҳозир тўхтатади, ёки Учинчи жаҳон уруши бўлади”, деб ёзган у.

Ўша куни Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини билдирганди. Кўп ўтмай у Россия билан дипломатик алоқани узди ва мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди. Путин бир неча бор украин халқи ва аскарларига Россияга қўшилиш ва қуролларни ташлаш ҳақида мурожаатлар билан чиқаётган бир пайтда Зеленский дунё етакчиларини Путинга қарши коалиция тузишга чақираётганди.

“Мен сизни Путинни, Украина ва дунёга қарши урушни дарҳол тўхтатишга чақираман! Путинга қарши коалиция тузинг. Дарҳол санкциялар, Украинага молиявий ва мудофаа ёрдами беринг. Ҳаво ҳудудини ёпинг! Дунё Россияни тинчликка мажбурлаши керак”, деган Зеленский Twitter саҳифасида.

Путин эса бунга жавобан дунё мамлакатларига огоҳлантириш берди.

“Кимлардадир содир бўлаётган воқеаларга аралашиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Россиянинг жавоблари тезкор бўлади ва сизни тарихингизда ҳеч қачон дуч келмаган оқибатларга олиб келади. Биз воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрмиз”, деди у.

Миллионлаб украиналиклар ўз уйларини ташлаб мамлакатдан чиқиб кетишга киришиб кетди ва чегара постлари узундан-узун навбатларга тўлди. Ватанини ташлаб кетишни хоҳламаганлар эса ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун метроларга яширинишга мажбур бўлди. Дунё мамлакатлари еткачилари Россиянинг бу ҳаракатини қоралаб, Путинни ҳужумни тўхтатишга чақиришни бошлади ва аллақачон Россия катта санкциялар остида қолди ҳамда урушнинг биринчи кунидаёқ Россия бойлари 39 миллиард АҚШ долларига “камбағаллашди”.

Путин бошлаган босқинда қатнашишни хоҳламаган русларнинг кўпчилиги эса Ўрта Осиёни ўзлари учун вақтинчалик бошпана сифатида танлади. Минтақа пойтахтлари рус релокантлари билан тўла бошлади. Баъзи тахминларга кўра бу оқим ўша пайтда Тошкентдаги ижара нархларига ҳам яхшигина таъсир ўтказган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон реакцияси

Ўзбекистон Киевдаги элчихонаси Киев, Харьков ва Днепр шаҳарлари ҳаво ҳужуми остида қолаётган пайтдаёқ Украинани тарк этишни хоҳловчи ўзбекистонликларни эвакуация қилишга киришди. Тошкент Киевга барча парвозларни бекор қилди ва кўп ўтмай “Uzbekistan airways” Россиянинг қатор шаҳарларига ҳам парвозлар бекор қилинганини маълум қилди. Ўзбекистон ТИВ Украинадаги ўзбекистонликлар қўшни давлатлар орқали эвакуация қилинишини билдирди.

25 февраль куни Шавкат Мирзиёевнинг Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Президент Матбуот хизматига кўра, мулоқотда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигига доир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинган. Россия Президент идораси – Кремль тарқатган хабарда эса, “Ўзбекистон Президенти Путин билан суҳбатда Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини тушунишини билдирди”, деб ёзилган. Шундан сўнг, Мирзиёевнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов 25 февраль куни Мирзиёев Путин билан телефон мулоқоти чоғида Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашганини ва Ўзбекистон Россиянинг Украинада бошлаган ҳарбий ҳаракатлари юзасидан вазмин, нейтрал позицияда эканини маълум қилди.

Уруш бошланганидан икки хафта ўтиб, Туркияда бўлиб ўтган иккинчи “Анталия дипломатик форуми”да Ўзбекистон ва Қирғизистон ТИВ раҳбарлари Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди. 17 март куни эса ўша пайтдаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг 24 ялпи мажлисида Ўзбекистон Украина шарқида жойлашиб олган сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олмаслигини айтди. Вазир Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотаётганини қайд этиб, Расмий Тошкент вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдорилигини билдирди.

Орадан кўп ўтмай вазир Комиловнинг соғлиғи ёмонлашгани айтилди ва у ўз лавозимидан озод этилди. Буни унинг Россия босқини борасида билдирган муносабатига боғлаганлар ҳам бўлди. Қизиғи, соғлиғида муаммо бўлган Абдулазиз Ҳафизович Комилов Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга ҳам икки ой тўлмасданоқ Комилов президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимини эгаллаган.

Украинанинг йўқотишлари

Хориж ОАВ маълумотига кўра, босқин бошидан буён бугунгача бўлган даврда Украина ўз ерларининг қарийб 11 фоизи устидан назоратни йўқотган. 2014 йилдан буён йўқотилган ҳудудларни ҳам ҳисоблаганда Украина ўз ерларининг таҳминан 18 фоизини Россияга бой берган. Босқин давом этар экан, 2025 йил 20 февраль ҳолатига кўра, Донбаснинг катта қисми, жумладан, Луганск ва Донецк вилоятларининг айрим ҳудудлари Россия назорати остида қолмоқда. Ушбу ҳудудларнинг бир қисми 2014 йилдан буён Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган сепаратистлар томонидан бошқариб келинмоқда. Шунингдек, 2014 йилда Россия томонидан аннекция қилинган Қрим ҳам Россия тасарруфида қолмоқда. Илгари Россия ҳарбий кучлари томонидан эгалланган, бироқ кейинчалик Украина назоратига қайтарилган ҳудудлар ҳам мавжуд.

Йўқотилаётган фақат ер эмас, 2024 йил декабрида президент Владимир Зеленский 43 минг украиналик аскар ва зобитлар ҳалок бўлганини маълум қилди. Очиқ манбалардан олинган қурбонлар ҳақидаги маълумотларни жамловчи “Ukrainian losses” веб-сайтида эса ҳозирда украиналик аскарларнинг 70 минг 400 дан ортиқ исм-фамилиялар келтирилган.

Шунингдек, Россия ҳужуми бошланганидан кейин ёки яшаш манзиллари бевосита вайрон қилингач миллионлаб украиналиклар ички ва ташқи кўчишни амалга оширишга мажбур бўлган. БМТ 2025 йил февраль ҳолатига кўра, дунё бўйлаб украиналик қочқинлар сони 7 миллионга яқин эканини ва шундан  6,3 миллиондан ортиғи Европа мамлакатларида яшаб келаётганини маълум қилди. Шунингдек, Украина ичида таҳминан 3,7 миллион одам мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълумотларига кўра , Украинада можаролар давомида 41 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки яраланган, уларнинг аксарияти портловчи қуроллар сабаб қурбон бўлган. Биргина 2022 йилда 8 минг 400 дан ортиқ, 2023 йилда 2 мингга яқин, 2024 йилда эса 2 мингдан ортиқ украиналик ҳалок бўлган. 2025 йилнинг дастлабки икки ойи тугамасданоқ уруш оқибатида яна 139 киши ҳалок бўлди.

Путин босқини бошлангандан буён мамлакатда энг камида 350 мингдан ортиқ иншоотлар, миллионлаб квадрат метр тураржой, таълим, тиббиёт ва спорт инфратузилмаси, минглаб километр автомобиль ва темирйўллар, аэропортлар ва портлар бутунлай вайрон қилинди ёки маълум даражада шикастланди. Жумладан, Мариуполь, Волноваха, Северодонецк, Марйинка, Соледар, Авдеевка ва Баҳмут каби шаҳарлар кули кўкка совурилди.

Буча ва Изюм қирғини

Кенг кўламли босқин Киев вилоятини ҳам қамраб олди. Аммо босқиннинг дастлабки ойидаёқ қарши ҳужумлар эвазига кўпгина шаҳарлар озод этилди. 2022 йилнинг 2 апрелида Киев бутунлай босқинчилардан тозалангани маълум қилинди. Босқин бошланганига бир ярим ой бўлмасдан Буча шаҳри жуда дахшатли кўргуликларни бошдан кечирди. Бутун дунё ОАВ босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақидаги маълумотлар билан тўла бошлади. Бучада қўллари боғланган ҳолда ўлдирилганлар, Киев вилоятидаги йўллардан бирининг четида яланғоч аёлларнинг жасадлари ва шу каби хунрезликлар акс этган тасвирлар бутун дунёни жунбишга келтирди. Буча жасадлар билан тўлиб тошган, қурбонларнинг аксарияти қўллари боғланган ҳолда бошининг орқа қисмига ўқ узилиши оқибатида ҳалок этилганди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган, баъзи жасадлар эса кўчаларнинг ўртасига ташлаб кетилганди. Аммо Россия Мудофаа вазирлиги бу хабарларни “провокация” ва “саҳналаштириш” деб атади. Уларнинг таъкидлашича, Буча рус ҳарбийлари назорати остида бўлган даврда “бирорта ҳам маҳаллий аҳоли зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмаган”, Украина ҳарбийлари эса шаҳарнинг жанубий туманларини “тун-у кун” ўққа тутган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Буча воқеалари хусусидаги ҳақиқатлар ошкор бўлгач, дунё давлатлари Россияни кескин қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетларини кучайтиришни бошлади. 42 давлат Россия устидан Гаага судига шикоят қилди.

Буча геноцидидан беш ой ўтиб, рус босқинчилари яна бир қатлиомга қўл урди. Бу сафарги қонга ботирилган ҳудуд Харьковдаги Изюм шаҳри эди. Гап шундаки, 2022 йил сентябрь ойи бошида Украина Қуролли кучлари Харьков вилоятида муваффақиятли қарши ҳужумни амалга ошириб, вилоятнинг деярли барча босиб олинган ҳудудларини озод қилди. 10 сентябрь куни Украина Қуролли кучлари Изюмни босқинчилардан озод қилганини эълон қилди. Аммо орадан салкам бир ҳафта ўтар-ўтмас украиналиклар кўз ўнгида бундан 5 ой илгари Киев вилоятининг Буча шаҳридаги манзара яна қайта жонланди.

Изюм яқинидаги оммавий қабристонда жасадларни эксгумация, яъни жасад қолдиқларини қабрдан олиб чиқиш ишлари амалга оширилди. 23 сентябрга келиб, оммавий қабрдан 427 нафар украиналикнинг жасади олиб чиқилди. Жасадларнинг 202 нафари аёллар, 189 нафари эркаклар ва 5 нафари болалар эди. Аммо улар Изюмда кўмиб юборилган сўнгги қурбонлар эмасди. Орадан бир неча кун ўтиб, Россия босқинидан озод қилинган Изюм шаҳрида яна иккита оммавий қабр топилди.

Украинага ёрдамлар

Давом этаётган 3 йиллик уруш мобайнида Украинага жами таҳминан 267 миллиард евро ёрдам ажратилган ва бу йилига 80 миллиард евродан ортиқроқни ташкил этади. Шундан қарийб тенг ярми 130 миллиард евро (49 фоиз) ҳарбий ёрдамга, 118 миллиард евро (44 фоиз) молиявий ёрдамга ва 19 миллиард евро (7 фоиз) гуманитар ёрдамга ажратилган. Ҳеч кимга сир эмаски, мазкур можаро давомида Украинани Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ қўллаб келмоқда. Умуман олганда, Европа Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича АҚШдан ўзиб кетди — молиявий ва гуманитар ёрдам учун 70 миллиард евро ҳамда ҳарбий ёрдам учун 62 миллиард евро ажратган. АҚШ эса ҳарбий ёрдам учун 64 миллиард евро, молиявий ва гуманитар ёрдам учун 50 миллиард евро сарфлаган.

Зеленский эса босқин шароитида мудофаага сарфланган маблағлар тўғрисида бироз бошқа рақамларни келтирганди. Трамп АҚШ Украинага сарфлаган пулларнинг умумий суммаси 350 миллард доллар дея даъво қилгач, Зеленский бунга жавобан мудофаа умумий ҳисобда 320 миллардга тушгани, Қўшма Штатларнинг эса бундаги улуши 67 миллиард эканини айтиб чиқди.

Аслида АҚШ ёрдамининг пасайиб бораётгани 2023 йил ўрталаридаёқ сезилганди. Ҳаттоки, “АҚШ тахти”га келган Трамп бу сафар Украинани “қўлтиқламоқчи”га ўхшамайди. У сайловолди дастурларида 24 соат ичида урушни тугатишга ваъда берганди, лавозимга келгач бунга эришган бўлмаса-да, Путинга ён босган ҳолда урушга нуқта қўйиш пайида эканини яширмаяпти ва ҳатто Зеленскй билан даҳанаки жангга киришган дейиш ҳам мумкин.

Ўзбекистон ҳам урушнинг дастлабки ойларидаёқ Украинага бир неча марта гуманитар ёрдамлар жўнатган эди. Масалан, 2022 йилнинг апрелида дори-дармон, индивидуал дори қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, жами 400 минг донадан ортиқ бўлган 21 та позициядаги маҳсулотлардан иборат 34 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам юборган.

Вайрон бўлган инфратузилма

2024 йил ноябрь ҳолатига кўра, Россия босқини бошланганидан бери Украина инфратузилмасига 170 миллиард долларлик зарар етказилган. Хусусан, уй-жой сектори 60 миллиард доллар; транспорт инфратузилмаси 38,5 миллиард доллар; энергетика соҳаси 14,6 миллиард доллар; саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари 14,4 миллиард доллар; қишлоқ хўжалиги сектори эса 10,3 миллиард доллар зарар кўрган. Бундан ташқари, таълим секторига 7,3 миллиард доллар; соғлиқни сақлаш соҳасига 4,3 миллиард доллар; маданий мерос ва спорт инфратузилмасига 4 миллиард доллар; уй-жой коммунал хўжалиги секторига 3,5 миллиард доллар; телекоммуникация соҳасига эса 1,2 миллиард доллар зиён етказилган.

Санкциялар остидаги Россия

Путин Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолагани заҳоти Европа Иттифоқи Россияга санкциялар жамланмасини совға қилганди. Бугун босқиннинг уч йиллиги муносабати билан яна бир пакет эълон қилинди ва бутун давр мобайнида бундай санкциялар пакети сони 16 тага етди. Сўнгги пакетга кўра, Россиянинг 13 та банки SWIFT тўлов тизимидан узилди. Европада “Россия назоратидаги” саккизта ОАВнинг эфири тақиқланди. Россия ҳарбий-саноат мажмуасини қўллаб-қувватлаётганлар рўйхатига 53 та тузилма қўшилди.

Эътиборлиси, улар орасида Ўзбекистонда фаолият юритаётган ташкилот ҳам қайд этилган. Хусусан, хабарга кўра, ушбу тузилмаларнинг учдан бир қисми Россияга тегишли, қолганлари эса учинчи мамлакатларда (Хитой, жумладан, Гонконг, Ҳиндистон, Қозоғистон, Сингапур, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон) жойлашган бўлиб, савдо чекловларини четлаб ўтишда ёки Россия ҳарбий операциялари учун ишлатиладиган учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда ракеталар учун зарур бўлган нарсаларни сотиб олишда иштирок этган.

Айтиш мумкинки, Украина ва Россия ўртасидаги можаро фақат икки давлатнинг эмас, балки бутун дунёнинг сиёсий ва иқтисодий мувозанатига таъсир кўрсатди. Ҳарбий тўқнашувлар ортидан жаҳон миқёсида энергетика инқирози, озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдиди ва геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайди. Бу можаронинг қачон ва қандай якунланиши ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда. Дипломатик музокаралар натижа берадими ёки йўқми – бу савол ҳамон очиқ. Аммо аниқ бир ҳақиқат бор: можаро ҳар икки давлат учун ҳам мисли кўрилмаган талафотларни келтирди ва келтиришда давом этмоқда. Энг катта зарар эса оддий фуқароларга етди.

Бугун эса музокаралар олиб бориш ва босқинни тугатиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам яқин дейиш мумкин. Бу жараёнга айни дамда Трампнинг авзойи бузуқлиги ҳам унчалик ҳалал бермаслиги мумкин. Чунки унинг Зеленский манзилига йўллаётган “ҳақоратлари”дан асосий муддао Украина бойликларини тенг тақсимлаш ва бу орқали 3 йил давомида АҚШ томнидан кўрсатилган ёрдамни ортиғи билан қайтариб олиш холос. Кўп эҳтимол уни Зеленский ҳокимиятинг легимлиги ёки бошқа жиҳатлари қизиқтирмайди. Унинг Оқ уйга қайтиши эса шунчаки геосиёсий манфаатлар тўқнашган Украина устида яна шу каби манфаатлар сонини биттага оширди холос. Украинада эса Россия босқини давом этмоқда. Фронт бир жойда туриб қолгани йўқ. Лекин барибир босқиннинг охири яқиндек...


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Россия-Украина Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг