Зеленский Украинада ҳарбий ҳолат эълон қилди
Олам
−
24 Февраль 2022
18375Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 24 февраль куни эрталаб бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилди.
“Бугун эрталаб Президент Путин Донбасда махсус ҳарбий операция ўтказилишини эълон қилди. Россия бизнинг ҳарбий инфратузилмамизга, чегарачиларимизга зарбалар берди. Украинанинг кўплаб шаҳарларида портлашлар эшитилди. Бутун давлат бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий қилмоқдамиз. Бир дақиқа олдин, мен Президент Байден билан суҳбатлашдим. Қўшма Штатлар халқаро ёрдам йиға бошлади. Сиздан тинчлик керак. Иложи бўлса, уйда қолинг. Биз ишлаяпмиз. Украинанинг бутун хавфсизлик ва мудофаа сектори ишламоқда. Ваҳима қилманг, биз ҳамма нарсага тайёрмиз ва барчани енгамиз”, деган Зеленский видеомурожаатида.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси