Путин ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди
Олам
−
22 Февраль 2022
18835Кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Жараён жонли эфирга узатилди.
Фармонни имзолаш маросимида ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳам иштирок этди.
“Мен узоқ вақтдан буён кечиктирилган қарорни қабул қилишни зарур деб ҳисоблайман – Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасининг мустақиллиги ва суверенитети зудлик билан тан олинади”, деган Путин телемурожаати чоғида.
Путин Россия Федерацияси Федерал Мажлисидан ушбу қарорни қўллаб-қувватлашни, кейин эса ҳар икки республика билан дўстлик ва ўзаро ёрдам шартномаларини ратификация қилишни сўраган. Бу икки ҳужжат яқин кунларда тайёрланиши ва имзоланишини қўшимча қилган РФ Президенти.
Путин Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилганини таъкидлади.
“Бу йиллар давомида (Россия) Донбассдаги вазиятни тартибга солиш бўйича 2015 йил 12 февралдаги Минск чора-тадбирлар пакетини мустаҳкамлаган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йил 17 февралдаги 2202-сонли резолюциясини амалга ошириш учун қатъий ва сабр-тоқат билан курашди. Ҳаммаси беҳуда”, деган Путин.
РФ раҳбари сўзида давом этиб, Украинанинг амалдаги ҳукуматини ҳокимиятни эгаллаб олганлар деб атаб, улар Донбасс масаласида ҳарбий йўлдан бошқа ечимни тан олмаслигини таъкидлаган.
“Президентлар ва Рада депутатлари ўзгармоқда, лекин Киевда ҳокимиятни қўлга киритган режимнинг ўз моҳияти, тажовузкор миллатчилик характери ўзгармаяпти. У тўлиқ ва бутунлай 2014 йилги давлат тўнтаришининг маҳсулидир. Зўравонлик, қон тўкиш, қонунсизлик йўлига ўтганлар Донбасс муаммосининг ҳарбий йўлдан бошқа ечимини тан олмадилар ва тан олмайдилар”, деган Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Киевдаги ҳукмрон элита доимий равишда низони ҳал қилиш бўйича Минск чора-тадбирлар пакетини амалга оширишни хоҳламаслигини айтиб келади ва улар вазият тинч йўл билан ҳал қилинишидан манфаатдор эмас.
“Аксинча, (у) 2014-2015 йилларда содир бўлганидек, Донбассда яна блицкриг уюштиришга ҳаракат қилмоқда. Ўшанда бу уринишлар қандай тугаганини эслаймиз”, деган Путин.
Унинг таъкидлашича, ҳозир Донбассда бирор кун йўқки аҳоли пунктлари ўққа тутилмасин, ҳужумкор дронлар, оғир техникалар, ракеталар, артиллерия қўлланилмоқда.
“Тинч аҳолини ўлдириш, қамал қилиш, одамларни, жумладан болалар, аёллар, қарияларни таҳқирлаш тўхтамаяпти. Айтганимиздек, бунинг охири кўринмайди. Ва бизнинг цивилизациялашган дунё деб аталадиган Ғарблик ҳамкасблар буни кўрмасликни афзал биляпти. Гўё бу даҳшат, қарийб 4 миллион киши дучор бўлаётган геноцид мавжуд эмас”, деган Путин.
LiveБарчаси