Россия Украинага бостириб кириши ортидан Тошкент Киевга барча парвозларни бекор қилди
Жамият
−
24 Февраль 2022
10360Бугун, 24 февраль куни Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан “Uzbekistan Airways” АЖ Киевга парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда компания Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан HY - 3731/3732 Тошкент – Киев – Тошкент мунтазам қатновлари жорий йилнинг 27 февраль ва 2 март кунлари режалаштирилган парвозлари бекор қилинади.
“Бекор бўлган парвозлар йўловчилари авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки парвозлар қайта тикланганидан кейин бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эгадирлар.
“Uzbekistan Airways” АЖ йўловчиларни жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қўшимча равишда хабардор қилади”, дейилади расмий маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ростов (Россия) вилоятидаги ҳаво майдони йўловчи самолётларининг қатновлари учун ёпилиши муносабати билан, 24 февраль куни Наманган – Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси Наманган халқаро аэропортига мажбурий қайтаётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Киев Харьков шаҳарларига ракета зарбалари берилганини маълум қилди.
Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай, Украина ҳаво ҳудуди бутунлай, Россия ҳаво ҳудуди эса қисман (фақат Ростов вилоятида) ёпилди.
LiveБарчаси