“Босқин бошланди”. Киев ва Харьковга ракета зарбалари берилди
Олам
−
24 Февраль 2022
29748Бугун, 24 февраль куни эрта тонгда Украинанинг Киев, Харьков ва Днепрдаги ҳарбий инфратузилма объектларига ракета ҳужумлари уюштирилди. Бу ҳақда Facebook’да Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченко маълум қилди.
“Босқин бошланди. Ҳозиргина Киев, Харьков, Днепрдаги ҳарбий бошқарув марказлари, аэродромлар, ҳарбий омборларга ракета зарбалари берилди. Чегарани артиллериядан ўққа тутмоқда. Бугундан бошлаб дунёда янги геосиёсий воқелик вужудга келди. Ё Украина ва дунё янги Гитлерни ҳозир тўхтатади, ёки Учинчи жаҳон уруши бўлади”, деб ёзган у.
Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Россия қўшинлари Харьков яқинида Украина чегарасини кесиб ўтган. Шунингдек, Мариупол ва Одессага Россия қўшинлари десант туширгани ҳақида ҳам хабар берилган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси