Зеленский Путинга қарши коалиция тузишга чақирди
Олам
−
24 Февраль 2022
14383Украина Президенти Владимир Зеленский дунё етакчиларини Россия Президенти Путинга қарши коалиция тузишга чақирди. У АҚШ, Германия, Польша ва Буюк Британия етакчилари билан суҳбатдан кейин шундай таклиф билдирди.
“Мен сизни Путинни, Украина ва дунёга қарши урушни дарҳол тўхтатишга чақираман! Путинга қарши коалиция тузинг. Дарҳол санкциялар, Украинага молиявий ва мудофаа ёрдами беринг. Ҳаво ҳудудини ёпинг! Дунё Россияни тинчликка мажбурлаши керак”, деган Зеленский Twitter саҳифасида.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ваХарьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Украина давлат чегара хизмати рус ҳарбийлари мамлакатнинг Россия ва Беларусь билан чегарадош қисмидан ҳужумга ўтганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси