Россия ҳарбий кучлари чегара орқали ҳужумни бошлади – Украина
Олам
−
24 Февраль 2022
20393Россия ҳарбийлари бугун, 24 февраль куни соат 5:00 ларда Украинанинг Россия Федерацияси ва Беларусь билан чегарасига ҳужум қилган. Бу ҳақда Украина давлат чегара хизмати хабар қилди.
Бу Луганск, Суми, Харьков, Чернигов ва Житомир вилоятларида содир бўлаётгани кўрсатилган.
“Тахминан соат 05:00 да Украинанинг Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси билан ҳудуддаги давлат чегараси Беларусь томонидан қўллаб-қувватланган рус қўшинлари томонидан ҳужумга учради. Чегара бўлинмалари, чегара отрядлари ва назорат-ўтказиш пунктларига ҳужумлар артиллерия, оғир техника ва ўқ отиш қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириляпти.
Бу Луганск, Суми, Харьков, Чернигов ва Житомир вилоятларида содир бўляпти. Бундан ташқари, Қрим автоном республикадан ҳам ҳужум бўляпти. Душманнинг саботаж ва разведка гуруҳлари ҳам қайд этилган. Чегара участкаларидаги вазиятга қараб, чегарачилар Украина Қуролли кучлари ва Украина Миллий гвардияси билан биргаликда душманга қарата ўт очмоқда. Жароҳатланган чегарачиларга келсак, маълумотлар аниқланмоқда”, дейилади чегара хизмати хабарида.
Украина Мудофаа вазири Алексей Резников вазият назорат остида эканини айтган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ваХарьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь