Путин Украинага қўшин киритганини оқлаб, украин халқига мурожаат қилди
Олам
−
24 Февраль 2022
27897Россия Президенти Владимир Путин рус ҳарбийлари Украина бўйлаб ракета зарбалари беришни бошлаши ортидан украиналикларга мурожаат қилди. У украиналикларни ҳамкорликка чақирган.
“Украина фуқароларига мурожаат қиламан. 2014 йилда Россия Қрим ва Севастополь аҳолисини сиз ўзингиз “нацистлар” деб атайдиганлардан ҳимоя қилишга мажбур бўлган. Қримликлар, севастополликлар ўз танловини қилди — ўзларининг тарихий ватанлари билан, Россия билан бирга бўлди. Ва биз буни қўллаб-қувватладик. Қайта айтаман, улар бошқача йўл тутиши мумкин эмас эди. Бугунги воқеалар Украина ва украин халқи манфаатларига тажовуз қилиш истаги билан боғлиқ эмас. Улар Украинани гаровга олган ва ундан мамлакатимиз ҳамда унинг халқига қарши фойдаланишга уринаётганлардан Россиянинг ўзини ҳимоя қилиши билан боғлиқ. Такрор айтаман, бизнинг ҳаракатларимиз ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилиш, бизга келаётган таҳдидлардан ва бугунги кунда содир бўлаётганидан ҳам каттароқ офатдан ҳимоя қилишдир”, деган Путин.
РФ раҳбари сўзида давом этиб, мустақил муносабатларни ўрнатиш учун ўзаро ҳамкорликка чақирган.
“Қанчалик оғир бўлмасин, буни тушунишингизни сўрайман ва ҳамкорликка чақираман. Бу фожиали саҳифани имкон қадар тезроқ ўтказиб, биргаликда олға бориш учун. Ишларимизга, муносабатларимизга ҳеч ким аралашмаслиги учун. Давлат чегаралари мавжудлигига қарамай, бу бизни бутун ичимиздан мустаҳкамлайди. Мен бунга ишонаман”, деган Россия Федерацияси Президенти.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилган. Москва томонидан ўтказилган умумхалқ овоз беришини ҳеч бир давлат тан олмаган. Шунингдек, Путин дастлаб 2014 йилда Қримни Россияга қўшиб олишда рус ҳарбийлари иштирок этмаганини иддао қилган. Кейинроқ 2016 йилда эса у очиқчасига Қримда рус “спецназ”и бўлганини айтган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь