Лавров Украинадан рус тилига қўйилган чекловларни бекор қилишни талаб қилди

Олам

−

image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина ҳукуматидан рус тилидан фойдаланишга қўйилган барча чекловларни ҳеч қандай ўзаро ён беришларсиз бекор қилишни талаб қилди. Унинг билдиришича, тил ҳуқуқлари сиёсий музокаралар мавзусига айлантирилмаслиги керак. Бу ҳақда вазир 21-Шарқий Осиё саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Лавровнинг айтишича, рус тилига қўйилган чекловлар зудлик билан бекор қилиниши лозим. У БМТ Устави қоидаларига риоя қилиш ташкилотга аъзо барча давлатларнинг мажбурияти эканини таъкидлаган.

“Буларнинг барчаси зудлик билан ва ҳеч қандай ўзаро ён беришларсиз бекор қилиниши керак”, деган Россия ТИВ раҳбари.

Шунингдек, Лавров Украина бўйича музокаралар якунлангунига қадар тил масаласини ҳал қилишни ортга суриш таклифига ҳам қарши чиққан. Унинг фикрича, БМТ Устави талабларини музокараларда савдолашув мавзусига айлантириш мумкин эмас.

Маълумот учун, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Украина давлат тилини ҳимоя қилиш бўйича вакили Елена Ивановская Президент офиси раҳбари Кирилл Будановга рус тилида гапиргани учун жарима белгилаган эди. Бунга Будановнинг Киев вилоятида 14 ёшли ўсмир билан рус тилида суҳбатлашгани сабаб бўлган. Ивановскаянинг айтишича, Буданов қоидабузарликни тан олган ва жаримани белгиланган муддатда тўлашга рози бўлган.

11 ноябрь куни эса Буданов Россия, АҚШ ва Украина ўртасида Абу-Дабида ўтказилган уч томонлама музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида яна рус тилида гапирган. Ғарб нашрларидан бири журналисти унга музокаралар тафсилотлари ҳақида инглиз тилида савол берган. Буданов саволни тушунганини, аммо уни таржима қилишларини сўраган ва шундан сўнг рус тилида жавоб берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада рус тилидаги барча маданий маҳсулотларни, жумладан, қўшиқларни жамоат жойларида ижро этиш ва тарқатишни тақиқлашга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тегишли ўзгартиришлар давлат тили тўғрисидаги ҳамда “Маданият тўғрисида”ги қонунларга киритилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг