Россия бойлари урушнинг биринчи кунида $39 млрдга “камбағаллашди”. Уларнинг орасида Усмонов ҳам бор
Олам
−
25 Февраль 2022
9767Кеча, 24 февраль куни Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётининг биринчи кунида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов 1,2 млрд доллар йўқотди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Агентликка кўра, энг бой россиялик тадбиркорларнинг бойлиги 39 миллиард долларга камайди.
“Қашшоқлашган” миллиардерлар рўйхатини “ЛУКОИЛ” президенти Вагит Алекперов бошқарган бўлиб, унинг бойлиги бир сутка ичида қарийб 6,2 миллиард долларга камайиб, 13 миллиард долларга тушиб қолди.
Россияликлар орасида “Bloomberg” миллиардерлар индексини бошқараётган “Норникел” президенти Владимир Потанин тахминан 3 миллиард доллар йўқотди (унинг бойлиги 26,1 миллиард долларга етди). “Северстал” директорлар кенгаши раҳбари Алексей Мордашовнинг зарари 4,2 миллиард долларни ташкил этди (бойлиги - 23 миллиард доллар).
2022 йилдан бери Алекперов ва Тимченко ҳар бири 10 миллиард доллар ёки бойликларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотган. Бу барча россиялик миллиардерлар орасида энг катта пасайиш бўлди, деб таъкидлайди “Bloomberg”.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси