Украина Россия билан дипломатик алоқани узди
Олам
−
24 Февраль 2022
11773Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан дипломатик алоқаларни узилганини эълон қилди.
“Бу тонг тарихга кирди, аммо бу воқеа бизнинг мамлакатимиз ва Россия учун мутлақо бошқача. Ва биз Россия билан дипломатик алоқаларни уздик”, деган Зеленский.
Бундан олдин Украина Президенти Украина Ташқи ишлар вазирлигидан Россия билан дипломатик алоқаларни узиш бўйича сўров олганини маълум қилганди.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кирганини маълум қилди.
ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев эса Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси