Россия қўшинлари Харьков ва Одессага кирди – Украина ИИВ
Олам
−
24 Февраль 2022
23480Украинанинг турли шаҳарлари, жумладан Харьков, Днепр ва Киевдаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Геращенко маълум қилган.
У, шунингдек, рус қўшинлари Одессага келиб, Харьков билан чегарани кесиб ўтганини маълум қилган.
“Босқин бошланди. Ҳозиргина Киев, Харьков, Днепрда ҳарбий бошқарув марказлари, аэродромлар, ҳарбий омборларга ракета зарбалари берилди. Чегарани артиллериядан ўққа тутиш давом этмоқда”, дейди Геращенко.
Унинг тушунтиришича, шу пайтдан бошлаб “дунёга янги геосиёсий воқелик кириб келмоқда. У якунда “ғалаба бизники бўлади” дея қўшимча қилган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь