Россия ҳарбийларини ёнилғи билан таъминловчи завод ҳужумга учради (видео)
World
−
14:54 536 2 minutes
Россиянинг Қуйи Новгород вилоятидаги “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез“ нефтьни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида Кстово туманидаги саноат корхонаси жиддий зарар кўрди. Бу ҳақда “Ukrinform“ хабар берди.
Қуйи Новгород вилояти губернатори Глеб Никитин бугун, 1 ноябрга ўтар кечаси ва эрталаб ҳудудда дронларнинг оммавий ҳужуми кузатилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида 100 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ, бироқ Кстово туманидаги саноат корхонаси жиддий зарар кўрган.
Губернатор ҳужумга учраган корхонанинг номини очиқламаган. Бироқ Телеграм-каналлар дронлар айнан Кстово шаҳридаги “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез“ нефтьни қайта ишлаш заводига ҳужум қилганини хабар қилган. Маҳаллий аҳоли ҳудудда портлашлар овози эшитилганини билдирган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 1 ноябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудлари узра жами 235 та дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган.
Маълумот учун, “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез“ заводи Россиянинг стратегик аҳамиятга эга нефтьни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади. У Россия қуролли кучлари ва Москва минтақасини ёнилғи билан таъминлайди. Москва минтақаси мамлакатдаги умумий бензин истеъмолининг қарийб 30 фоизини ташкил этади.
Завод йилига 17 миллион тонна хом нефтьни қайта ишлаш қувватига эга. Корхонада 50 дан ортиқ турдаги маҳсулот, жумладан, авиация ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилади. Ушбу ёнилғи турлари Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси эҳтиёжлари учун ҳам етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Бошқирдистон Республикаси пойтахти Уфа шаҳридаги нефтьни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган эди.
Live
All