Зеленский умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди
Олам
−
25 Февраль 2022
15542Украина Президенти Владимир Зеленский умумий сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат Украина Президентининг расмий сайтида эълон қилинган.
Фармонга кўра, умумий сафарбарлик Винница, Волин, Днепропетровск, Донецк, Житомир, Закарпат, Запороже, Ивано-Франкивск, Киев, Кировоград вилоятлари ва Львов, Николаев, Одесса, Полтава, Ривне, Суми, Тернопил, Харков, Херсон, Хмелнитский, Черкаси, Чернивци, Киев шаҳарларида ўтказилади.
Сафарбарлик Россиянинг ҳарбий босқини билан изоҳланган. Фармон кучга кирган кундан бошлаб 90 кун ичида уни Украинанинг барча ҳудудларида ўтказиш топширилди.
Ҳарбий хизматга мажбурлар, захирадагилар Украина Қуролли Кучлари, Миллий гвардия, Хавфсизлик хизмати, Давлат чегара хизмати ва мамлакатнинг бошқа ҳарбий тузилмаларига чақирилади.
Транспортни чақириш ва жалб қилиш сафарбарлик режаларида белгиланган ҳажмларда амалга оширилади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
LiveБарчаси