Узр сўраган Абдураҳмонов, мақсадига эришган Макрон, “Қозоқ маликаси” атрофидаги гаплар... Бугун нималар бўлди?
Таҳлил
−
09 Февраль 2022
14486Жамият
Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳаматдаги шармандалик учун устозлардан узр сўради
Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътироз ва танқидига сабаб бўлди. Бугун, 9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, узр сўради.
“Бугун ижтимоий тармоқ, жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, устоз - мураббийларимизнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканлигини кўриш мумкин.
Бу билан устозларимизга бўлган эътибор Давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда “айрим” раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди”, дейди Абдураҳмонов.
Нукусда она боласини туғиб, кўчага ташлаб кетди
Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида янги туғилган чақалоқ ярим тунда кўчага ташлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди. Боланинг аҳволи оғир экани айтилган. Ҳолат бўйича Қорақалпоғистон прокуратураси расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, кеча, 8 февраль куни соат 02:00 ларда Нукус шаҳри Тахтакўпир туманида 2002 йилда туғилган А.К. боласини дунёга келтириб, ўзи яшайдиган жойдаги уй олдига ташлаб кетган.
Шундан сўнг, чақалоқ Республика перенатал марказига олиб келиниб, ҳаёти сақлаб қолинган.
Андижонда ўқитувчилар бошини эгиб, узр сўратиш “ғоя”си қайси бошдан чиққани маълум бўлди
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлган. Бу ҳақда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг ҳолат бўйича билдирган муносабатида маълум қилинди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.
Азизбек Миркомиловнинг қайд этишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан ўтказилган аппарат йиғилишида бирорта умумтаълим мактаби директорларига ва ўқитувчиларига интизомий чора кўриш ёки уларни камситиш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилиб, огоҳлантирилган.
Яна пора, яна Андижон, яна мактаб директори
Андижон шаҳрида мактаб директори Х.С. пора олаётган вақтда қўлга тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 февраль куни мактабнинг Ёшлар иттифоқи етакчиси С.А. ва ўқитувчи Н.Б. аризасига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жалақудуқ туман бўлими ходимлари, вилоят ДХХ бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари иштирокида тадбир ўтказиган.
Марям Тилляева бувиси билан биринчи марта Оқсаройга бориб, бобосини хотирлади
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева Тошкентга қайтди. У бувиси – Каримовнинг беваси Татьяна Каримова билан Оқсарой қароргоҳида ўрин олган Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмасини томоша қилди.
Марямнинг айтишича, у бобоси вафотидан кейин илк бор Оқсаройда бўлиб турибди.
“Дўстлар мен сизларни бобом шарафига барпо этилган хотира ёдгорлиги ва музейи билан таништирмоқчиман. Музей унинг вафотидан кейин Оқ уйда ташкил этилган. Ҳозир бу ерда бобом шарафига тақдимот бўляпти. Аммо ундаги барча портретлар унинг вафотидан кейин тайёрланган. Негаки у суратга тушишни ёқтирмаган. Мен бу ерда бўлмаганим учун буларнинг барини кўриш қизиқ”, дейди Марям Instagram’даги саҳифасида.
Дунё давлатлари қарзлари рейтингида Ўзбекистоннинг ҳолати қандай?
Қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати энг юқори бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон 153-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Visual Capitalist маълумотлари дарак бермоқда.
2020 йилда COVID-19 бутун дунё бўйлаб тарқала бошлаганидан бери глобал иқтисодиёт таъминот занжирларидаги узилишлар, товарлар нархининг ўзгарувчанлиги, меҳнат бозоридаги муаммолар ва туризм даромадларининг пасайиши билан синовдан ўтди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, пандемия натижасида 97 миллионга яқин одам ўта қашшоқликка тушиб қолган. Ушбу қийин вазиятда ёрдам бериш учун дунё ҳукуматлари юқори соғлиқни сақлаш харажатлари, ишсизлик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бизнеснинг омон қолишига ёрдам бериш учун ўз харажатларини оширишга мажбур бўлди.
Бухорода 9 марта судланган эркак кар-соқов қизни зўрлади
Бухорода 9 марта судланиб, умрининг 21 йилини қамоқда ўтказган фуқаро ногирон қизни зўрлагани учун яна қамалди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаро Ғиждувон туманидаги ошхонага тушлик қилиш учун кирган. Унга кар-соқов қиз хизмат кўрсатган. Айбдор овқатланиб бўлгач, қизнинг ожизлигидан фойдаланиш мақсадида орадан 3 соат ўтиб, яна шу ерга қайтиб келган ва жабрланувчининг иш вақти тугашини кутган.
Ошхона эгасининг жияни бўлган имконияти чекланган қиз эркакдан уни нима учун кутиб турганини ишора орқали сўраган. Фуқаро уни кузатиб қўймоқчилигини билдириб, қизнинг розилигини олган. Бироқ орадан кўп ўтмай, машина бошқа томонга ҳаракатланаётганини пайқаган қиз, уйи тумандаги “Чоғонон” МФЙ Урганжи қишлоғида эканини тушунтиришга уринган.
Узр челенж давом этади. Навбат ўқитувчиларни сазойи қилган туман ҳокимига
Кеча, 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик. Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошев ҳудудидаги мактабда бўлган шармандалик учун ўқитувчилардан узр сўраб чиқди.
“Ассалому алайкум, ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари. Мен Марҳамат тумани ҳокими Йўлдошев Бобуржонман. Марҳамат туманида ўқитувчиларнинг узр сўраши бўйича кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган постлар бўйича муносабат билдирмоқчиман. Муҳтарам Президентимизнинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўткизган селекторидан сўнг, вилоятимиз ҳокими томонидан туман ва мактабларда қилинадиган ишлар бўйича аниқ топшириқлар, ўз ўрнида, ҳеч бир раҳбар, ўқитувчиларга чора кўрмаслик бўйича аниқ топшириқ берган”, дейди туман ҳокими.
“Ўзавтосаноат” “растаможка” нархи осмондалигини тан олди
Ўзбекистонда автомобиль импорти учун бож ставкаларини қайта кўриб чиқиш керак. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров мамлакатда улов импорти учун бож юқори эканини тан олган ҳолда айтиб ўтган.
Айтиш жоизки, иқтисодчи Юлий Юсуповнинг автомобиль саноатидаги монополиянинг оқибатлари ҳақидаги мақоласида автомобиль импорти учун тўсиқлардан бири маҳаллий сертификатлаштириш эканлигини, қўйилган божхона тўловларидан воз кечиш кераклигини, сертификатлаш нархлари жуда қимматлиги, шунингдек “UzAuto Motors” АЖ истеъмолчиларнинг манфаатларига тажовуз қилиши ҳақида фикрларни келтириб ўтган.
Миллиардлар қаерга кетди? Олий Мажлис Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юбормоқда
Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун дастлаб 3 трлн сўм, 2021 йил 5 ноябрда қабул қилинган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун билан қўшимча равишда 1?2 трлн. сўм, жами 4,2 трлн сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларини ва бошқа касбдаги ходимларни рағбатлантириш харажатларига 1 413,9 миллиард сўм, дори-дармон воситалари, гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун 604,2 млрд сўм, бир маротабалик шахсий ҳимоя учун комбинезонлар, қўл ва юз ниқоблари ҳамда бошқа харажатлар учун 89,5 млрд сўм, озиқ-овқат маҳсулотларига 86,6 млрд сўм ажратилган.
Асакадаги “дарахткушлик”. Прокуратура ишни судга оширди
Аввалроқ, Андижон вилоятининг Асака туманида 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат оқибатида табиатга 18 млн 360 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан “Асака в.л.” хусусий корхона раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми бўйича тўпланган маъмурий жавобгарликка оид иш ҳужжатлари бугун, 9 февраль куни судга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Асака тумани “Амир Темур” МФЙ ҳудудидаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг рухсатномаси берилмаган.
Мазкур ҳудуддаги дарахтларни хусусий корхона раҳбарияти томонидан дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинмаган.
Тўқаев Нурдинжон Исмоиловни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади
Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашди.
“Акорда” эълон қилган суратлардан кўриш мумкинки, учрашувда Тўқаев Ўзбекистон парламенти спикерини “Дўстлик” ордени билан мукофотлаган.
Қозоғистон Президентининг таъкидлашича, Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат ва ишончли ҳамкордир.
“Биз муносабатларимизни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг иттифоқчилик муносабатларимиз сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалар каби кенг қамровга эга”, деган Тўқаев.
Тоқаев Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини иттифоқчилик даражасига олиб чиқиш имконини берган Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифи якунларини ҳам юқори баҳолаган.
Олам
“Ваъда бердингиз, бажаринг”. Лукашенко Путиндан ҳарбий унвон сўради
Россия Президенти Владимир Путин Беларусь фуқароси Александр Лукашенкога полковник унвонини беришни ваъда қилган, бироқ ҳалигача ваъдаси амалга ошмаган. Бу ҳақда Лукашенко телебошловчи Владимир Соловьёвга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Соловьёв унинг ҳарбий унвони ва погонига қизиққан. Лукашенко погонида герб ўрнатилганини, ўзи эса подполковник унвонида эканини айтган.
“Мен ўзим учун генералиссимус ёки генерал юлдузини осиб қўя олмайман. Путин полковник, у менга полковник унвонини беришга ваъда берган. Ҳалигача бермади”, деган Лукашенко.
Қозоғистонда Калашников автоматлари ишлаб чиқарилади
Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида жойлашган “Тинис” заводи жорий йилда Калашников автоматларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
“Йил давомида Кокшетау (вилоят маъмурий маркази) 2015 йилдаги каби Калашников автоматларини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, АК-12 ва АК-15 автоматларини йиғиш “Тинис” заводи базасида амалга оширилади.
Мақсадига эришган Макрон. Франция ва Украина лидерлари нималарга келишди?
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 8 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Киевда Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашди. Икки давлат Президентлари Украина шарқидаги можарони муҳокама қилиб, бир қанча йўналишларда ҳамкорлик қилиш, жумладан, Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш борасида келишиб олди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Макроннинг Зеленский билан музокаралари узоқ давом этган, Президентлар режалаштирилганидан бир соат кечроқ матбуот олдига чиққан. Шу сабабли, брифинг қисқартирилган форматда ўтказилган.
Зеленский йиғилишни очар экан, бу Франция Президентининг 24 йил ичида Киевга биринчи ташрифи эканлигини таъкидлаб, Украина шарқидаги тинчлик жараёни музокаралар марказида эканини айтган.
НАТО кучларининг чегаралар яқинида тўпланиши бутун ташкилот учун хавф – КХШТ
НАТОнинг қўшни ҳудудларда ҳарбий фаоллигини ошириши нафақат Беларусь ва Россияга таҳдид солади, балки бутун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ – ОДКБ) хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда бугун, 9 февраль куни ташкилот бош котиби Станислав Зас “Валдай” халқаро мунозара клубининг “Янги даврда коллектив хавфсизлик: КХШТ тажрибаси ва истиқболлари” конференциясида айтиб ўтди.
“КХШТ масъулият зонасининг ғарбий чегараларида НАТО ҳарбий гуруҳлари сезиларли даражада ошгани, қўшни ҳудудларда ҳарбий инфратузилманинг ривожланиши кузатилмоқда. Ҳарбий фаоллик кучаймоқда, аслида бутун минтақани ҳарбийлаштириш. Бу давом этмоқда. Бу нафақат Беларусь ва Россияга таҳдид солади, балки бутун ташкилотимиз, бутун КХШТ хавфсизлигига салбий таъсир қилади”, дейди у
КХШТдан Афғонистон учун илтифотли баёнот берилди
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Афғонистонга тинч ҳаётга қайтишда ёрдам беришга ва бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда Россиянинг Ташкилотдаги доимий вакили Микаэл Агасандян маълум қилди.
“Биз Афғонистонга тинч ҳаётга ўтишда ёрдам бериш ниятимизни ҳамда вазиятни барқарорлаштириш ва бу мамлакатни БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли билан ривожлантириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда иштирок этишга тайёрлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, деган Агасандян.
Нурларга чўмган, нурлардан тўйган шаҳар. Қозоғистонда пойтахт ўзгарадими?
Ижтимоий тармоқларда Қозоғистон пойтахтини Нур-Султон шаҳридан Қўстанайга кўчирилиши ҳақида маълумотлар тарқалди. Кўплаб баҳсларни келтириб чиқарган ушбу масалага Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги кўмагида ноаниқ маълумотларга қарши курашиш мақсадида яратилган stopfake.kz портали нуқта қўйди.
“Ижтимоий тармоқларда [мамлакат Президенти] Қосим-Жомарт Тўқаев пойтахтнинг Қўстанайга кўчирилиши ҳақида эълон қилгани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади хабарда.
“Қозоқ маликаси”нинг ишга чиқмаслиги сурункали тус олди
Қозоғистон Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қизи, парламент депутати Дариға Назарбоева икки ойдирки, палата мажлисларига келмаяпти. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий нашрлари ёзмоқда.
Қайд этилишича, бугун, 9 февраль куни бўлиб ўтган парламент ялпи мажлисида Дариға Назарбоева иштирок этмаган. Мажлис унинг келмаганини тасдиқлади ва депутат маошсиз таътилга чиққанини қўшимча қилди.
Спорт
Роналду 2010 йилдаги антирекордини такрорлади
“Манчестер Юнайтед”нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду 2010 йилдаги антирекордини такрорлади. Бу ҳақда “Sky Sports Statto” хабар бермоқда.
Футболчи ўзининг энг ёмон голсиз сериясини такрорлади. Кетма-кет бешта ўйинда Роналду рақиблар дарвозасини ишғол эта олмади. У охирги марта ўтган йилнинг 30 декабрида “Бёрнли”га қарши ўйинда гол урган.
Бундай голсиз серия охирги марта 2010 йилда содир бўлганди. Ўшанда футболчи “Реал”да ўйнаган ва майдан сентябргача бешта ўйинда ҳам гол ура олмаган.
Камару Усман операция қилинди
UFC ярим ўрта вазн чемпиони Камару Усманнинг қўлида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда унинг менежери Али Абделазиз маълум қилди.
“Усман қўлидаги лигаментни тузатиш учун операция қилинди”, деган Али Абделазиз ESPN мухбири Марк Раймондига берган интервьюсида.
Алининг айтишича, Усман июль ойида ўтказилиши режалаштирилган UFC 276 гача қайтишни мақсад қилган. UFC президенти Дэна Уайт 2021 йил июнь ойида Нейт Диаз устидан ғалаба қозонган Леон Эдвардс Усманнинг камаригa асосий даъвогар эканлигини маълум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь