Марям Тилляева бувиси билан биринчи марта Оқсаройга бориб, бобосини хотирлади
Жамият
−
09 Февраль 2022
22040Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева Тошкентга қайтди. У бувиси – Каримовнинг беваси Татьяна Каримова билан Оқсарой қароргоҳида ўрин олган Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмасини томоша қилди.
Марямнинг айтишича, у бобоси вафотидан кейин илк бор Оқсаройда бўлиб турибди.
“Дўстлар мен сизларни бобом шарафига барпо этилган хотира ёдгорлиги ва музейи билан таништирмоқчиман. Музей унинг вафотидан кейин Оқ уйда ташкил этилган. Ҳозир бу ерда бобом шарафига тақдимот бўляпти. Аммо ундаги барча портретлар унинг вафотидан кейин тайёрланган. Негаки у суратга тушишни ёқтирмаган. Мен бу ерда бўлмаганим учун буларнинг барини кўриш қизиқ”, дейди Марям Instagram’даги саҳифасида.
У тармоқдаги фойдаланувчиларига кўргазмадан ўрин олган суратларни кўрсатиб, болалик хотираларини ва бобоси билан ўтказган дамларини ёдга олган.
Ўтган йилнинг ноябрида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ҳам бувиси Татьяна Каримова билан дарз кетган муносабатларни тиклаб, Оқсарой қароргоҳига борган эди.
Марямнинг қайд этишича, Ислом Каримов музейи айни вақтда таъмирланмоқда.
Марям Тилляева россиялик блогер Амиран Сардаров билан 2021 йилнинг апрель ойида турмуш қурди. Шу йилнинг август ойида эса ижтимоий тармоқларда Марям Тилляеванинг яланғоч ҳолатдаги сурати тарқалди. Кейинроқ ушбу сурат унинг турмуш ўртоғи Амиран Сардаровнинг Instagram’даги саҳифасидан кўчириб олингани маълум бўлди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Кўпчилик Марямни бобоси Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурматсизликда айблади.
Орадан кўп ўтмай, Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали баёнот билан чиқиб, бу қизининг шахсий ҳаёти экани ва уни Биринчи Президент Ислом Каримов билан боғлаш ноўринлиги ҳақида гапирди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев қизи Марям билан алоқаларни узган. Бу ҳақда Амиран Сардаров ўтган йилнинг декабрь ойида берган интервьюсида сўз очган.
Амираннинг айтишича, у Марямнинг ҳаётида пайдо бўлгач, қизнинг ота-онаси у билан алоқаларни узган. Улар Амиранни оилага мос куёв сифатида қабул қилмаган.
Февраль ойи бошида Амиран Марям билан ажрашганини эълон қилди. Ҳозиргача Тилляева бу масалада изоҳ бергани йўқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь