Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди
Local
−
13:38 1511 2 minutes
Бугун, 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйган.

Ислом Каримов мамлакат тарихининг ғоят мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилган. Унинг номи мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчиликнинг тикланиши ва мамлакатнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ.

“Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Шу маънода, мустақиллигимизнинг пойдеворини яратишга, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар хотирасини эъзозлаш муҳим маънавий қадриятдир”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан Биринчи Президентнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилган. Самарқандга ташрифлар чоғида унинг мақбарасини зиёрат қилиш эзгу анъанага айланган.

Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилган. Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинган.

Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам Биринчи Президент ҳайкали пойига гуллар қўйган.





Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.
Live
All