Президент вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига муҳим талаб қўйди
Ўзбекистон
−
15:36 1223 2 дақиқа
Ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур. Бу ҳақда бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида ўтказилаётган қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашувда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига талаб қўйди.
Учрашувда давлат раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслаган. “Аввало, ўзимизникиларга имконият берайлик, улар нималарга қодирлигини кўрсатсин” деган ёндашув асосида маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар 47 гектар майдонда “Олтин бел” мажмуасини бунёд этган.
Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бир вақтнинг ўзида 6 минг нафарга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Халқаро туризм академияси томонидан бу ерда ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланган. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан олингани лойиҳа таннархини 20 фоизга арзонлаштирган.
Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканлари барпо этиш бўйича таклифлар билдирилган.
Президент қурилиш индустрияси ва туризм бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро янги имкониятлар очадиган соҳаларга айланиши зарурлигини таъкидлаган.
Президент қурилиш материаллари саноатида эришилган натижалар ва янги экспорт имкониятларига тўхталган.
Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилган. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспорт эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Мамлакатда ҳар йили 50-55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантирмоқда. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларга олиб чиқиш ва арзон ҳамда узлуксиз логистика занжирларини яратиш ҳисобига экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилган.
“Лекин ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур”, дейди Президент.
Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига аниқ талаб қўйилган.
Live
Барчаси