Шавкат Мирзиёев электропоездда Паркентга борди

Ўзбекистон

−

image

Бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридан Паркент туманига электропоездда борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг 2025 йил 27 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пойтахт билан Паркент туманини боғлаш мақсадида янги электрлаштирилган темир йўл линияси қурилган. Жорий йилнинг сентябрь ойидан Тошкент – Паркент йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилган.

Мазкур темир йўл пойтахт ва Паркент ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш, туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа доирасида 535,4 миллиард сўм ҳисобидан 24 километрлик Байтқўрғон – Паркент электрлаштирилган темир йўл линияси қурилган. Битта янги бекат, учта кўприк, автомобиль йўл ўтказгичи, 77 та сув ўтказиш иншооти ҳамда 16 та автомобиль ва темир йўл кесишмаси барпо этилган.

Шунингдек, 24 километрлик контакт тармоғи ва электр узатиш линияси қурилган. Лойиҳа натижасида 40 та янги иш ўрни яратилган.

Тошкент ва Паркент ўртасидаги умумий масофаси 57,6 километр бўлган йўналишда олтита вагондан иборат замонавий “ЭП3Д” электропоезди қатнамоқда. Қиймати 124 миллиард сўмлик поезд 586 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Электропоезд Тошкентдан Паркентгача бўлган масофани 1 соат 13 дақиқада босиб ўтади. Йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, ушбу йўналишдаги такси хизмати ўртача нархидан 2,5 баробар арзон.

Янги йўналишда кунига 2 минг нафаргача, йилига эса 300 минг нафар йўловчини ташиш имконияти мавжуд.

Электропоездда йўловчилар учун замонавий шароитлар яратилган. Вагонлар иқлим назорати тизими, қулай ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ва бепул Wi-Fi билан жиҳозланган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ва мослаштирилган жойлар, велосипедларни ташиш мосламалари ҳамда электрон ахборот таблолари ўрнатилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув ва тўқнашув пайтида зарба кучини камайтирувчи тизимлар назарда тутилган.

Сафар чоғида Президент Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратган. Хусусан, ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш тармоқлари салоҳиятини камида икки баробар ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Давлат раҳбари Паркентнинг янги вокзал станцияси билан танишар экан, темир йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш, вокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар учун қулай шароитларни кенгайтириш, қатновлар самарадорлигини таъминлаш ва темир йўлга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг