Президент Туркия компанияларини Ўзбекистондаги лойиҳаларда фаол қатнашишга чақирди
−
15:08 252 2 minutes
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Президент иштирокидаги Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида сўз борди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Туркиянинг аграр соҳадаги тажрибасини ҳисобга олиб, органик минерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, боғдорчилик, сув тежовчи технологиялар ҳамда совиткич омборлари йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилган.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва йирик чакана савдо тармоқлари орқали етиштиришдан истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ягона қиймат занжирини шакллантиришдан манфаатдор.
Президент туркиялик инвесторларни Янги Тошкент қурилиши ва мамлакатдаги йирик инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирган. Турк компанияларига янги шаҳарда тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф қилинган.
Шу билан бирга, пулли автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш транспорт соҳасидаги истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилган.
Мамлакатда тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга кенг қамровли имтиёз ва преференциялар, зарур инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда.
Президент турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган. 2002 йилдан буён мамлакатда фаолият юритаётган “Нобель Pharmsanoat” компанияси тажрибаси соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатилган. Туркиянинг бошқа етакчи фармацевтика компаниялари ҳам ушбу йўналишда фаол ҳамкорликка таклиф қилинган.
Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурлари Туркия инвесторлари учун янги имкониятлар очмоқда. Президентнинг таъкидлашича, 2026–2027 йилларда умумий қиймати 8,4 миллиард долларлик давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини савдога чиқариш режалаштирилган.
Турк компаниялари билан Самарқанд автомобиль заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш каби йирик ташаббуслар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини ушбу жараёнларда янада фаол иштирок этишга чорлаган.
Live
All