Дунё давлатлари қарзлари рейтингида Ўзбекистоннинг ҳолати қандай? 

Жамият

image

Қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати энг юқори бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон 153-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Visual Capitalist маълумотлари дарак бермоқда.  

2020 йилда COVID-19 бутун дунё бўйлаб тарқала бошлаганидан бери глобал иқтисодиёт таъминот занжирларидаги узилишлар, товарлар нархининг ўзгарувчанлиги, меҳнат бозоридаги муаммолар ва туризм даромадларининг пасайиши билан синовдан ўтди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, пандемия натижасида 97 миллионга яқин одам ўта қашшоқликка тушиб қолган. Ушбу қийин вазиятда ёрдам бериш учун дунё ҳукуматлари юқори соғлиқни сақлаш харажатлари, ишсизлик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бизнеснинг омон қолишига ёрдам бериш учун ўз харажатларини оширишга мажбур бўлди. 

Мамлакатлар ушбу чора-тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги қарзларни ўз зиммалари олди ва бу ярим асрдаги глобал қарзнинг энг юқори даражасига олиб келди. 

Маълумотларга кўра, Япония (256,9 фоиз), Судан (210 фоиз) ва Греция (207 фоиз) қарзнинг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган давлатлар рўйхатида етакчилик қилмоқда. Улардан кейинги ўринларда Эритрея (175 фоиз), Кабо-Верде (160 фоиз) ва Италия (154 фоиз) қайд этилган. 

Япониянинг қарз даражаси кўпчиликни ажаблантирмаган. 2010 йилда у қарзнинг ЯИМга нисбати 200 фоизга эришган биринчи давлат бўлган ва ҳозир бу кўрсаткич 257 фоизни ташкил этади. 

Ўзбекистонда эса энг хавфсиз кўрсаткичлардан бири кузатилаётгани айтилган. У рўйхатда 153-ўринни (38,9 фоиз) эгаллаган. 

Давлат қарзининг кескин ошиб бораётгани ташвишга сабаб бўлмоқда. Умуман олганда, мамлакат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати қанчалик юқори бўлса, мамлакат ўз қарзини тўламай қолиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлиб, бозорларда молиявий ваҳима келтириб чиқаради. Узоқ вақт давомида қарзнинг ЯИМга нисбати 77 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар иқтисодий таназзулни бошдан кечирган.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил охирига келиб, глобал қарз 226 триллион долларга етган, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта йиллик ўсишдир.


Мақола муаллифи

Теглар

қарз

Баҳолаганлар

893

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг