“Комадаги” “Бунёдкор”нинг яна юз минглаб доллар қарзи борлиги маълум бўлди

Спорт

image

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби молиявий муаммолар фонида навбатдаги жиддий қарздорликка дуч келди. Жамоа собиқ япон легионери Ицуки Уратага 328,5 минг доллардан ортиқ маблағ тўлаши керак. Бу ҳақда FIFA Низоларни ҳал қилиш палатаси қарор қабул қилган.

Қарорга кўра, “Бунёдкор” клуби япониялик футболчига 328 426 доллардан ортиқ маблағ тўлаши керак. Ушбу сумма таркибига 45 минг доллар тўланмай қолган маош ҳамда шартнома муддатидан олдин бекор қилингани учун 283 426 доллар компенсация киради. Бундан ташқари, қарздорликка йиллик 5 фоиз миқдорида устама ҳисобланади.

Агар “Бунёдкор” белгиланган маблағни 45 кун ичида тўламаса, FIFA клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаши мумкин. Бу ҳолат юзага келса, клуб учун навбатдаги трансфер тақиқига учрайди.

Маълумот учун, 29 ёшли Урата 2024 йилнинг ёзида “Бунёдкор” сафига қўшилган. У Тошкент клубида 39 та учрашувда 2 та гол ва 3 та голли узатмани қайд этган. Япон футболчиси 2026 йил апрелида маоши ўз вақтида тўланмагани сабаб “Бунёдкор”ни тарк этган. Ҳозирда у Хорватиянинг “Славен Белупо” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Қизиғи шундаки, “Бунёдкор” Урата билан шартномани 2025 йилнинг декабрида 2027 йил охирига қадар узайтирганини эълон қилган эди.

Қайд этиш жоиз, клубнинг молиявий муаммолари аввал ҳам FIFA санкцияларига сабаб бўлган. Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликлар туфайли “Бунёдкор”га аввалроқ иккита трансфер тақиқи қўлланган. Урата бўйича мажбурият бажарилмаса, бу рўйхатга яна битта тақиқ қўшилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” молиявий қийинчиликлар сабабли Суперлиганинг 15-тури доирасида сафар учрашувига бора олмаслигини маълум қилган эди. Натижада жамоага “Қизилқум”га қарши ўйин учун техник мағлубият ёзилади. Кейинроқ жамоага давлат бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг