Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳаматдаги шармандалик учун устозлардан узр сўради
Жамият
−
09 Февраль 2022
30504Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътироз ва танқидига сабаб бўлди. Бугун, 9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, узр сўради.
“Бугун ижтимоий тармоқ, жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, устоз - мураббийларимизнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканлигини кўриш мумкин.
Бу билан устозларимизга бўлган эътибор Давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда “айрим” раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди”, дейди Абдураҳмонов.
Вилоят ҳокими ушбу ҳолатга сабабчи бўлган раҳбарларни қонунан жазолашга ваъда бериб, устозлардан кечирим сўраган.
“Ҳурматли устоз ва мураббийлар! Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман.
Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз”, дея сўзини якунлаган вилоят ҳокими.
LiveБарчаси