Андижонда ўқитувчилар бош эгиб узр сўрагани айтилмоқда. Вазир буни сиёсатга қарши ҳаракат деб атади
Жамият
−
08 Февраль 2022
19880Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар ва ўқитувчиларнинг мактаб фаоллар зали саҳнасида бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалди. Мазкур ҳолат тармоқда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Жамоатчиликни жумбушга келтирган воқеага Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов муносабат билдириб, бу давлат сиёсатига қарши ҳаракат эканини айтди.
“Бугун Марҳамат туманида юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларимизнинг шаънини ерга уриш, балки давлатимиз сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолайман.
Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис бугун давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар”, дейди вазир.
У бу хатти-ҳаракатга бош-қош бўлган айбдорлар, албатта, жазоланиши кераклигини урғулади ва ўқитувчиларга юзланди:
“Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар, албатта, жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”
Унинг қайд этишича, ҳозирда Халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолатни ўрганмоқда.
“Бундай ҳолатларга йўл қўйган "ташаббускорларга", албатта, тегишли чора кўрилади”, деб ёзади Саидов.
LiveБарчаси