Оҳангаронда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
Жамият
−
17:11 885 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги 15-мактабда математика ўқитувчиси ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон туманидаги 15-мактабда ўқитувчи ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатгани акс этган видеолар тарқалган. Дастлабки ўрганишларда воқеа кеча, 21 октябрь куни 7-“А” синфида математика дарси вақтида содир бўлгани аниқланган. Шунингдек, ўқитувчининг ўқувчига аввал ҳам қўпол муносабатда бўлгани ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда.
“Мазкур ҳолат шу куннинг ўзида Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинди. Айни пайтда бошқарма ва бўлим масъуллари ҳамда мактаб кенгаши, ички ишлар органлари, маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, ҳолатни ўрганишда вилоят бошқармаси ва туман бўлими масъуллари, мактаб кенгаши, ички ишлар органлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этмоқда
Бошқарма таълим жараёнида болаларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонликка йўл қўйилмаслигини маълум қилган. Ўзбекистоннинг “Таълим тўғрисида”ги қонуни таълим олувчиларнинг жисмоний ва руҳий зўравонликдан, шахсининг ҳақоратланишидан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ҳам болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланган.
Ўрганиш давомида ўқувчи ва унинг қонуний вакиллари, ўқитувчи ҳамда гувоҳларнинг тушунтиришлари, мавжуд материаллар ва бошқа далиллар холисона баҳоланади. Ҳолатга ваколатли органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиб, аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Бошқарма ўрганиш якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча ахборот берилишини маълум қилган
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 39-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчини китобни ўқиб бера олмагани учун калтаклаган эди.
Live
Барчаси